Нетаньяху Эронга қарши операция вақтида яширинча БААга борган
Олам
−
14 Май 1348 2 дақиқа
Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху Эронга қарши операция вақтида Бирлашган Араб Амирликларига махфий ташриф буюрган. Бу ҳақда вазирнинг Х саҳифасида хабар берилди.
Бош вазир девони маълумотига кўра, Нетаньяху БАА Президенти Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён билан учрашган. Исроил томони бу ташрифни “Исроил ва БАА муносабатларидаги тарихий бурилиш” деб атаган.
Ташриф тафсилотлари очиқланмаган.
“The Times of Israel” манбасига кўра, Нетаньяху ва Муҳаммад бин Зоид 26 март куни Ал-Айн шаҳрида, Уммон чегараси яқинида учрашган. Музокаралар бир неча соат давом этган.
Бу 2020 йилдаги “Иброҳим келишувлари”дан кейин Исроил Бош вазирининг БААга амалга оширган биринчи тасдиқланган ташрифи сифатида баҳоланмоқда.
Шу билан бирга, Бирлашган Араб Амирликлари Ташқи ишлар вазирлиги Нетаньяхунинг ташрифи ҳақидаги маълумотларни рад этган.
Вазирлик баёнотида БААнинг Исроил билан муносабатлари очиқ ва расман эълон қилинган “Иброҳим келишувлари” доирасида амалга оширилаётгани, “махфий ёки норасмий келишувлар”га асосланмагани таъкидланган.
Шунингдек, баёнотда эълон қилинмаган ташрифлар ёки яширин келишувлар ҳақидаги иддаолар “асоссиз” экани қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ ва Исроил томонидан бошланган урушда Эрон зарбаларидан энг кўп жабр кўрган Бирлашган Араб Амирликлари эндиликда Эронни ўзи бомбардимон қила бошлагани ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси