Нигерияда яна ўқувчилар ўғирлаб кетилди
Олам
−
18 Апрель 1983 2 дақиқа
Жорий йилнинг 16 апрель куни Нигериянинг Бенуэ штатидаги юқори мактаб ўқувчилари маҳаллий универститетга имтиҳон топшириш учун кетаётганда қуролланган шахслар томонидан ҳужумга учради ва ўғирлаб кетилди. Бу ҳақда штат губернаторлигига таяниб, “Reuters” хабар берди.
Бенуэ штати губернатори Хуясинт Алиянинг айтишича, ҳодиса маҳаллий универститетга яқин ҳудудда, Макурди-Отукпо йўлида содир бўлган. Губернатор қанча ўқувчи ўғирлаб кетилганини очиқламаган. Аммо маҳаллий ОАВлар террорчилар 17 болани ўғирлаб кетганини ёзган.
“Бу ишни қўрқоқ одамлар қилганига ишонаман. Бегуноҳ одамларни, айниқса имтиҳон топширгани кетаётган ўқувчиларга ҳужум қилишни ҳеч қандай йўл билан ҳазм қилиб бўлмайди. Бу иш ҳар қандай инсонийлик ва фуқаролик тартибига зиддир. Биз маҳаллий полиция ва қутқарув гуруҳларига уларни зудлик билан топишни ва болаларни қутқариш зарурлигини айтдик. Жиноятчилар кутганларидан ҳам оғирроқ жазога тортиладилар”, дейди штат губернатори.
Ҳужум маҳаллий гуруҳ ва мафияларнинг ер талашувидан келиб чиққан бўлиши мумкин.
Нигериянинг шимолий ҳудудлари, жумладан, Бенуэ ва қўшни Плато штатларида деҳқон ва чорвадор аҳоли йиллар давомида қуролли гуруҳлар ўртасидаги ҳосилдор ерлар учун уюштирилган ҳалокатли тўқнашувлардан азият чекмоқда.
Ҳукумат мамлакатнинг шимолий штатларида зўравонлик 2025 йилда ўтган йилга нисбатан 71 фоизга ошганини, бу асосан қуролли гуруҳларнинг фаоллиги ортиши билан боғлиқлигини қайд этган. Бундай ҳудудларда ҳосилдор ерларнинг камлиги ҳамда аҳолининг ишсизлиги зўравонлик ҳолатларини кескин ошишига сабаб бўлган.
Маҳаллий ер эгалари ишсиз эркакларни қуролли ҳужумларга ёллаб, ўғирланганларнинг оила аъзоларидан ер ва катта миқдорда пул талаб қилади. Бу каби ҳужумларнинг қурбони кўпинча вояга етмаган болалар ва мактаб ўқувчилари бўлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Нигерияда жангарилар томонидан ўғирлаб кетилган католик мактаб-интернатининг 100 нафар ўқувчи қизи озод қилингани ҳақида хабар берилган эди.
Ҳожиакбар Муҳаммаджонов
Live
Барчаси