ОАВ эркинлиги бўлмаса, ҳаммамиз ютқазамиз – Гутерриш

Олам

image

Можаролар, келишмовчиликлар ва кенг тарқалган дезинформация ҳукм сураётган дунёда одамларнинг эркинлиги матбуот эркинлигига боғлиқ. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш ҳар йили 3 май куни нишонланадиган Жаҳон матбуот эркинлиги куни муносабати билан мурожаат йўллади.

“Эркин ва мустақил журналистика – энг муҳим ижтимоий неъматлардан биридир. Бу ҳисобдорлик, адолат, тенглик ва инсон ҳуқуқларининг асоси. Журналистлар бутун дунёда воқеаларни эркин ва қўрқмасдан ёритиш имконига эга бўлиши шарт. Журналистлар ўз ишини бажара олмаганда, ҳаммамиз ютқазамиз”, дейилади баёнотда.

БМТ раҳбарининг таъкидлашича, журналистлар йилдан-йилга тобора қийин ва хавфли шароитларда фаолият юритишга мажбур бўлмоқда.

Улар ўз хизмат бурчини бажараётгани учун ҳужум, ҳибсга олиш, цензура, таҳдид, зўравонлик, ҳатто ўлим хавфи остида қолмоқда. Айниқса, можаро зоналарида ўлдирилаётган журналистлар сони кескин ортмоқда.

БМТ ахборот хизматининг маълумотларига кўра, бу йилги Матбуот эркинлиги куни сунъий интеллектнинг (СИ) ОАВ эркинлиги, ахборотни эркин тарқатиш, оммавий ахборот воситаларининг мустақиллиги ҳамда ахборотга кириш ҳуқуқини таъминлаш ва асосий эркинликларни ҳимоя қилишдаги таъсирига бағишланган.

“Сунъий интеллект сўз эркинлигини қўллаб-қувватлаши ҳам, уни бостириши ҳам мумкин”, деди Антониу Гутерриш.

У ўтган йили қабул қилинган Глобал рақамли келишувни эслаб, унда дезинформация ва ахборот манипуляциясига қарши халқаро ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган аниқ қадамлар белгилаб қўйилганини таъкидлаган.

Шунингдек, БМТ бош котиби сунъий интеллект инсон ҳуқуқларига ҳурмат тамойилларига мос тарзда шакллантирилиши ва фактларни устувор қўйиши зарурлигини урғулаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Чегара билмас мухбирлар” (RSF) ташкилоти 2025 йил учун матбуот эркинлиги бўйича ҳисобот эълон қилган эди. Унда матбуот эркинлиги тарихий энг паст даражага тушиб кетгани қайд этилади. Ҳисоботда 180 та мамлакатдаги оммавий ахборот воситалари ҳолати бешта мезон – сиёсий контекст, ҳуқуқий база, иқтисодий муҳит, ижтимоий-маданий шарт-шароитлар ва хавфсизлик асосида баҳоланган. Таҳлилчиларга кўра, 90 та мамлакатда журналистлар учун “қийин” ёки “жуда жиддий” вазият юзага келган. Бундай ҳолатга нафақат хавфсизлик билан боғлиқ муаммолар ва автократик режим таъсири, балки оммавий ахборот воситаларининг иқтисодий ночорлиги ҳам сабаб бўлмоқда. Постсовет давлатлари ичида энг ёмон кўрсаткич Туркманистонда – 174-ўрин, 19,14 балл. Бундан пастда фақат Афғонистон, Эрон, Сурия, Хитой, Шимолий Корея ва Эритрея жойлашган.


Мақола муаллифи

Теглар

Антониу Гутерриш Бирлашган Миллатлар Ташкилоти матбуот эркинлиги

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг