Осиёда тинимсиз ёмғир сабаб 100 дан ортиқ киши ҳалок бўлди
Олам
−
28 Ноябрь 2622 2 дақиқа
Таиланд, Малайзия ва Индонезияда тинимсиз ёмғир ёғиши ҳамда сув тошқинлари оқибатида қурбонлар сони кескин кўпайди. Мутахассислар вайронагарчилик ҳаво циклонлари таъсири оқибатида кучайганини айтмоқда. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Келтирилишича, Таиландда бир ҳафтадан бери ёғаётган кучли ёмғир туфайли юзага келган сув тошқинлари оқибатида 55 киши ҳалок бўлган. Кеча, 27 ноябрь куни Таиланднинг энг кўп зарар кўрган Хат Яи шаҳрида сув аста-секин камайди. Расмийлар бу ҳолат аҳолига ёрдам етказилишини ва асосий хизматларнинг тикланишини тезлаштириши мумкинлигини айтмоқда.

Мамлакатда сув тошқинидан азият чекаётганларга дронлар орқали ёрдам кўрсатилмоқда. Томлар устида қолиб кетган одамларга вертолётларда зарур озиқ-овқат ва тиббий буюмлар ташлаб кетилмоқда. Ҳарбийлар озиқ-овқат, дори-дармон ва қайиқ етказиш учун ташувчи самолёт, 20 та вертолёт ва юк машиналари карвонларини сафарбар қилди.
Ҳукумат матбуот котиби Сирипонг Ангкасакулкиатнинг айтишича, мамлакат жанубида 3 миллионга яқин киши зарар кўрган. Минглаб одамлар эвакуация марказларига жойлаштирилган. Аҳолига ёрдам кўрсатиш ишлари давом этмоқда, аммо сув тошқинлари билан боғлиқ вазият ҳали узоқ давом этиши мумкин.
Қўшни давлат Малайзияда ҳам узлуксиз ёмғир ёғиши кузатилмоқда. Мамлакатнинг етти штатда кузатилган сув тошқинлари икки кишининг ҳаётига зомин бўлган, 34 мингдан ортиқ одам эса вақтинчалик бошпаналарга кўчирилган.

Индонезиянинг 60 миллион аҳолисига эга бўлган Суматра оролида ҳам вазият жиддийлигича қолмоқда. Тропик циклон кучли сув тошқинлари ва кўчкиларни келтириб чиқарди. Ушбу табиий офат туфайли камида 100 киши бедарак йўқолган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистондаги масжидларда ёмғир сўраб истисқо намози ўқилиши ҳақида хабар берилганди.
Live
БарчасиХовос туманида ҳоким алмашди
09 Декабрь