Ота исмидан ҳам фамилия сифатида фойдаланишга рухсат берилиши мумкин
Жамият
−
13 Январь 4076 2 дақиқа
Бугун, 13 январь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар томонидан ота исмини болага фамилия сифатида бериш амалиётини жорий қилишни ўз ичига олган давлат хизматларини кўрсатиш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.
Мазкур қонун лойиҳаси Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, унда давлат хизматларини кўрсатиш тизимини янада кенгайтириш, давлат органлари ва ташкилотларида манфаатлар тўқнашувини олдини олиш, илгари қонуний имконияти бўлмаган ота исмини болага фамилия сифатида бериш амалиётини жорий қилишни назарда тутади.
Оила кодексининг 69-моддасига киритилаётган қўшимчага кўра, эндиликда ота исмидан фамилия сифатида фойдаланишга имкон берилади. Ушбу янгиликка Адлия вазири ўринбосари Нуъмон Муҳаммадиев қуйидагича изоҳ берди.
“Амалдаги қонунчиликка асосан боланинг фамилияси ота-онанинг фамилиясига қараб белгиланади. Миллий анъаналарга кўра, ҳозирги кунда фамилия бобонинг исми бўйича бериб борилмоқда. Ҳозирги вақтда ота исмини болага фамилия сифатида бериш имкониятининг мавжуд эмаслиги қонунчилик ҳужжатларини турлича талқин қилинишига ва фуқаролар эътирозига сабаб бўлмоқда. Масалан, болалар уйида улғайган оталар ёки оталик ҳуқуқидан маҳрум қилинган шахсларнинг фарзандлар фарзандларига отасининг исмини фамилия сифатида беришни хоҳламаяпти”, деган Муҳаммадиев.
Вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, деярли ҳар куни 10-15 нафар ота фарзандига гувоҳнома олаётганда, ҳужжатдаги фамилияга ўзгартириш киритиб, болага исмини фамилия сифатида беришни сўраш ҳоллари кузатилган.
Муҳаммадиев, шунингдек, фамилия ота ёки бобонинг исми бўйича берилиши бошқа давлатларда, жумладан Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ҳамда Туркманистонда ҳам амалда эканини қўшимча қилган.
Live
Барчаси