“Овози бўғилиб қолди”. Сенатор Трамп эронликларга бақирганини айтди (видео)
Олам
−
17 Апрель 7350 2 дақиқа
Сенатор Линдси Грэм АҚШ Президенти Дональд Трамп Эрон билан музокараларда бевосита иштирок этаётганини ва бир неча кун олдинги суҳбат чоғида ҳатто овози бўғилиб қолгунича бақирганини маълум қилди. Бу ҳақда у “Fox News” телеканалига берган интервьюсида сўз очди.
Сиёсатчи “Hannity” кўрсатуви меҳмони бўлган ва бошловчи Шон Хэннитига Трамп Эрон томони билан қандай музокара олиб бораётгани ҳақида сўзлаб берган.
“У бир неча кун олдин эронликлар билан телефон орқали гаплашди ва суҳбат жуда кескин тус олди. Вазият шу даражага етдики, Трамп агар улар “ўйин қилишда” давом этсалар, нима содир бўлишини баланд овозда айтди. У ҳақиқатан ҳам овози бўғилиб қолгунича бақирди”, дейди сенатор.
Грэм суҳбат якунида “гўшакнинг нариги томонидаги эронликнинг ўрнида бўлишни асло хоҳламаслигини” тан олган.
Бунгача ўз манбаларига таяниб, “Politico” АҚШ ва Эрон уранни бойитиш бўйича мораторий муддати ва аллақачон ишлаб чиқарилган материалнинг тақдири бўйича келиша олишмаётгани ҳақида хабар берган. Американинг 14 банддан иборат режасига кўра, Теҳрон уранни бойитишга қўйилган 20 йиллик тақиққа рози бўлиши керак. Бироқ нашр суҳбатдошларининг маълумотларига кўра, Эрон томони жараённи фақат беш йилга тўхтатишни таклиф қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 11 апрель куни томонлар ўртасида Исломободда музокара бўлиб ўтган, бироқ улар ядро дастури ва Ҳормуз бўғози орқали кемалар ҳаракати масаласида келиша олмаганди. Шундан сўнг АҚШ ушбу денгиз йўлагини блоклаш бошланганини эълон қилган эди. Кейинроқ Дональд Трамп яқин икки кун ичида Эрон билан янги музокаралар ўтказилиши мумкинлигини маълум қилди. Бироқ бу амалга ошмади.
Live
Барчаси