Пешлавҳалар учун ортиқча талаблар бекор қилиниши мумкин
Жамият
−
06 Май 1480 3 дақиқа
Ташқи рекламани жойлаштириш тартиби тадбиркорлар фойдасига қайта кўриб чиқилмоқда. Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси хабар берди.
Маълум қилинишича, қўмита томонидан ташқи ахборот воситаларини тизимли тартибга солиш, ташқи ёзувларни ўрнатиш ва улардан фойдаланишни назорат қилиш ҳамда жойлаштириш тартибини назарда тутувчи “Ташқи ёзувларни тартибга солиш тўғрисида”ги низомни тасдиқлаш ҳақидаги Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳаси тайёрланган.
Қайд этилишича, мазкур ҳужжат билан амалиётда турли келишмовчиликни келтириб чиқараётган ва қонунчиликдаги бўшлиқ ҳисобланган айрим жараёнларга ва тушунчаларга аниқлик киритилмоқда.
Хусусан, “ташқи ахборот воситаси, “ташқи ёзув”, ахборот кўрсаткичи”, “пешлавҳа”, “эълон”, “маълумотлар тахтаси” каби тушунчаларга аниқ тариф берилмоқда.
Бунда, “ташқи ахборот воситаси” ва “ташқи ёзувлар” ташқи муҳитга қаратилган ҳамда тижорат мақсади кўзланмаган ахборот, яъни реклама тусига эга бўлмаган воситалар ҳисобланиб, ташқи ахборот воситаларини уларга реклама ёки тижорат тусига эга бўлган ахборот ёки тасвирни жойлаштириш орқали ўрнатишга ва фойдаланишга йўл қўйилмайди.
Шунингдек, пешлавҳалар – савдо, умумий овқатланиш ва маиший хизмат кўрсатиш обйектларида фаолияти таснифи (ташкилот номи, ихтисослашуви) тўғрисидаги маълумот ҳисобланиб (мисол учун: дорихона, сартарошхона, АЁҚШ, миллий таомлар, супермаркет, шифохона, озиқ-овқат, қурилиш ва хўжалик моллари дўкони), бундай пешлавҳалар ташқи реклама объекти ҳисобланмайди ва реклама жойининг паспортини олиш шарт эмас.
Яъни, муайян тадбиркорлик субъекти эгаллаб турган бинонинг ташқи томонида бинога кириш жойида ўзи ва фаолият тури (ихтисослиги) тўғрисида жойлаштирилган ёки мазкур тадбиркорнинг маҳсулоти ҳақида шу бино витринасидаги ахборот (пешлавҳа) реклама ҳисобланмайди ва бунинг учун тегишли рухсат этиш хусусиятидаги ҳужжатларни олиш ҳамда тўловларни амалга ошириш талаб этилмайди.
Маълумот учун, реклама объектига эътиборни жалб қилиш, унга бўлган қизиқишни шакллантириш ёки қўллаб-қувватлаш, шунингдек уни бозорда бевосита ёки билвосита фойда (даромад) олиш мақсадида илгари суриш учун мўлжалланган махсус ахборот – реклама ҳисобланади.
Қўмита ўз навбатида, реклама мазмунининг, яъни контентни реклама қонунчилиги талабларига мослиги устидан давлат назоратини амалга оширади.
“Рақобат қўмитаси мамлакатимиздаги барча юридик шахслар(тадбиркорлик субъектлари)ни, иш юритувчи компаниялар ва ташкилотларни, шунингдек фуқаролик жамияти институтлари ҳамда кенг жамоатчилик вакилларини мазкур лойиҳа муҳокамасида фаол иштирок этишга чорлайди. Сиздан келиб тушган ҳар бир таклиф ўрганилиб, лойиҳани янада такомиллаштиришга хизмат қилади”, дейилади хабарда.
Лойиҳа муҳокамаси жорий йилнинг 25 апрелдан бошланган, 10 майга қадар давом этади.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 5 май куни Президент Шавкат Мирзиёев танишган ишлаб чиқариш корхоналари фаолиятини барқарорлаштириш ҳамда тадбиркорларни ўйлантираётган муаммоли масалаларни ҳал этиш юзасидан тақдимотда Ўзбекистонда тадбиркорлик субъектининг номи ва фаолият тури тўғрисида бинога жойлаштирилган ахборот учун тегишли паспортларни расмийлаштириш бекор қилиниши ҳақида айтилганди.
Live
Барчаси“Ягона Корея” ғояси ўлди
06 Май