Тадбиркорлар диққатига! Пешлавҳалар энди реклама ҳисобланмайди
Жамият
−
05 Май 4516 2 дақиқа
Ўзбекистонда тадбиркорлик субъектининг номи ва фаолият тури тўғрисида бинога жойлаштирилган ахборот учун тегишли паспортларни расмийлаштириш бекор қилиниши мумкин. Бу ҳақда бугун, 5 май куни Президент Шавкат Мирзиёев танишган ишлаб чиқариш корхоналари фаолиятини барқарорлаштириш ҳамда тадбиркорларни ўйлантираётган муаммоли масалаларни ҳал этиш юзасидан тақдимотда сўз боради.
Қайд этилишича, тадбиркорлик субъектларининг пешлавҳалари ва бренд белгиларини жойлаштириш, умумий овқатланиш ва савдо объектлари учун айрим маъмурий талаблар, меҳнат муносабатларидаги тартиб-таомиллар, нақд пулсиз тўловлар, солиқ имтиёзларини қўллаш, молиявий жарималар, ташқи иқтисодий фаолиятдаги ҳужжатбозлик каби масалалар муҳокама қилинган.
Амалдаги тартибга кўра, айрим ҳолларда корхона номи, фаолият тури ёки савдо белгиси акс этган пешлавҳалар ҳам реклама сифатида баҳоланиб, улар учун алоҳида паспорт расмийлаштириш ва тўловларни амалга ошириш талаб этилмоқда. Бу тадбиркорлар учун қўшимча маъмурий юк бўлиши билан бирга савдо ва хизмат кўрсатиш объектларининг танилиши, мижозлар оқими ва тушумига ҳам таъсир кўрсатмоқда.
Шу муносабат билан тадбиркорлик субъектининг номи ва фаолият тури тўғрисида бинога жойлаштирилган ахборотни реклама сифатида баҳоламаслик ва бунинг учун тегишли паспортларни расмийлаштиришни бекор қилиш таклиф этилган. Рекламалар ва бошқа ахборот белгиларини жойлаштиришга доир дизайн талабларини тадбиркорлар таклифларини инобатга олган ҳолда босқичма-босқич жорий этиш, юридик шахсларга тегишли транспорт воситаларига ўз савдо белгисини жойлаштириш тартибини соддалаштириш ташаббуси илгари сурилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг март ойидан бошлаб Тошкент шаҳридаги реклама ва пешлавҳаларни мажбурий демонтаж қилиш ишлари бошланган эди. Бу пойтахтнинг дизайн-код талаблари билан боғлиқ.
Жорий йилнинг 25 апрель куни Бизнес-омбудсман Тошкент шаҳар кенгашининг “Дизайн-коди” тўғрисидаги қарорини қайта кўриб чиқиш юзасидан хулоса киритди. Унга кўра, ўрганиш натижасида ҳужжатнинг айрим бандлари амалдаги қонунчиликка зид эканлиги аниқланган. Хусусан, “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонун талабларига кўра, тадбиркорлик фаолиятига таъсир этувчи лойиҳалар Бизнес-омбудсман билан мажбурий тартибда келишилиши лозим. Бироқ ушбу қарор бакил билан келишилмасдан қабул қилинган.
Live
Барчаси“Ягона Корея” ғояси ўлди
06 Май