“Подстанциясида авария содир бўлмаган”. Аэропортдаги электр узилишининг асл сабаби очиқланди
Жамият
−
06 Январь 6940 2 дақиқа
Бугун, 6 январь куни “Uzbekistan Airports” томонидан Тошкент аэропортида қисман электр узилиши содир бўлгани ҳақида хабар эълон қилинган эди. “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти ушбу хабарнинг Қўйлиқ подстанциясида кичик носозлик бўлгани ҳақидаги бандини рад этиб, электр узилишининг сабабларини маълум қилди.
“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ ушбу хабар ОАВ ҳамда жамоатчиликда нотўғри талқин пайдо бўлмаслиги учун, расмий изоҳ берди. Унга кўра, электр узилиши айнан Тошкент аэропорти тасарруфидаги электр қурилмасида (кабелда) юз берган қисқа туташув туфайли содир бўлган.
Маълумот учун, Тошкент халқаро аэропортининг ташқи электр таъминоти нормал схемада “Қўйлиқ” ПСдан чиқувчи 35 кВли 4 та Л-Аэропорт-2,4,5 ҳамда “Тошкент ИЭМ” дан чиқувчи 35 кВли Л-Аэропорт-1 кабель тармоқлари орқали таъминланган.
Жорий йилнинг 2 январь куни соат 10:20 да 35 кВли Л-Аэропорт-2,4 кабель тармоқлари авариявий ўчган. 4 -январь куни соат 18:13 да Л-Аэропорт-2 тармоғи қайта ишга қўйилган. Ҳозирда Л-Аэропорт-4 кабель тармоғи таъмирда.
Шу билан бирга, 4 январь куни соат 01:47 да 35 кВли Л-Аэропорт-1 кабель тармоғи авариявий ўчган. Мазкур тармоқ кеча, 5 январь куни соат 17:27 да қайта ишга қўйилган. Мазкур 35 кВли кабель тармоқлари истеъмолчи (Тошкент аэропорти) тасарруфида.
QALAMPIR.UZ ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида “Uzbekistan Airports” акциядорлик жамияти матбуот хизмати билан боғланди. Жамиятнинг маълум қилишича, ҳақиқатан ҳам электр узилиши айнан Тошкент аэропорти тасарруфидаги кабелда юз берган қисқа туташув туфайли содир бўлган. Бироқ “Uzbekistan Airports” ушбу кабелларга хизмат кўрсатиш ва назорат қилиш “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ томонидан амалга оширилишини таъкидлади.
Live
Барчаси