Покистондаги савдо марказида йирик ёнғин чиқди. Қурбонлар бор
Олам
−
12:52 793 1 дақиқа
Кеча, 17 январь куни Покистоннинг Карачи шаҳридаги “Gul Plaza” савдо марказида ёнғин юз берди. Оқибатда 5 киши ҳалок бўлди, 18 киши жароҳат олди. Бу ҳақда “Geo” хабар берди.
Телеканал маълумотига кўра, ўт ўчириш хизмати ёнғиннинг тахминан 60 фоизини назорат остига олган. Шу билан бирга, қутқарувчилар бинога юқори ҳарорат туфайли кира олмаган. Улар ёнғин бўлган савдо марказида бошқа одамлар бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.
Дастлабки маълумотларга кўра, олов пастки қават ва биринчи қаватга тарқалишдан олдин оралиқ қаватдан бошлангани айтилмоқда. Ёнғиннинг сабаби ҳозирча аниқланмаган.
Ёнғин бошқаруви раҳбарининг маълум қилишича, ёнғинни ўчириш вақтида бинода портлаш юз берган ва олов тезроқ тарқалган. Унинг сўзларига кўра, портлаш газ сизиб чиқиши туфайли содир бўлган. Шунингдек, савдо марказида деворнинг бир қисми қулаб тушган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Гонконгдаги Wang Fuk Court тураржой мажмуасида даҳшатли ёнғин юз берган эди. Ҳодиса оқибатида 151 нафардан ортиқ одам ҳалок бўлганди. Шунингдек, ҳодиса ортидан 13 киши қасддан одам ўлдиришда гумонланиб, ҳибсга олинган.