Польшада ҳарбий аҳамиятга эга темирйўл портлатилди
Олам
−
17 Ноябрь 5388 1 дақиқа
Польшада номаълум шахслар Варшава ва Люблин ўртасидаги темирйўлни портлатди. Мамлакат расмийлари буни диверсия деб атамоқда. Бу ҳақда “Euronews” хабар берди.
Қайд этилишича, Варшава–Люблин йўналиши бўйлаб ҳаракатланган поезд машинисти темирйўлнинг вайрон бўлган қисмини пайқаб қолган. Дастлабки маълумотларга кўра, рельслар портловчи қурилма ёрдамида шикастланган.
Машинист диспетчерлик марказига хабар беришга улгурган. Шундан сўнг йўналиш бўйича ҳаракат дарҳол тўхтатилди.
Польша Бош вазири Доналд Туск Х (собиқ Twitter) платформасида портловчи қурилма қўлланган диверсия рўй берганини тасдиқлади. Терговчилар йўлнинг Люблин томонга яқинроқ жойида яна бир шикастланган рельс қисмни топишди. Польша прокуратураси ва махсус хизматлар мазкур ҳолат юзасидан терговни бошлаган, бироқ ҳозирча портлаш ортида ким тургани номаълумлигича қолмоқда.
“Минтақадаги темирйўл алоҳида назорат остида, чунки айнан шу йўналиш орқали Украинага ҳарбий юклар етказилади”, дейилади хабарда.
Польша расмийлари поезд ҳалокати машинистнинг эҳтиёткорлиги ва тезкорлиги сабабли олди олинганлигини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Польша Россияга қарши “дрон девори” яратмоқчилиги ҳақида хабар берган эдик.
Қобилова Комила
Live
Барчаси