Президент Имом Бухорий мақбарасини зиёрат қилди
Жамият
−
03 Май 3051 2 дақиқа
Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 3 май куни Самарқандга ташриф буюрди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, эзгу қадриятларга мувофиқ, аввало, Имом Бухорий мажмуаси зиёрат қилинган. Буюк ҳадисшунос мақбарасида Қуръон тиловат этилиб, дуо ўқилган.

Маълумки, ушбу қутлуғ қадамжо давлат раҳбари ташаббуси билан Имом Бухорийнинг ислом оламида тутган юксак мавқеи, улкан маънавий меросига муносиб тарзда қайтадан бунёд этилган. Зиёратчиларга ҳар томонлама қулай шароит яратилган. Бу йил Рамазон ҳайити арафасида мажмуа яна зиёратчилар учун эшикларини очиб, 60 мингдан ортиқ ўзбекистонлик ва хорижлик меҳмонлар ҳайит намозини ушбу қутлуғ қадамжода ўқиди.

Кенг кўламли бунёдкорлик ишлари натижасида Имом Бухорий мажмуаси илгари бир кунда 12 минг зиёратчига хизмат кўрсатган бўлса, бугунги кунда 65 минг нафар зиёратчини қабул қилиш қувватига эга.
Маълумотларга кўра, қутлуғ қадамжо очилганидан сўнг бир ой ичида буюк муҳаддис мақбарасини 1 миллиондан ортиқ ўзбекистонлик ва хорижий фуқаро зиёрат қилган.

Президент мажмуага ташриф буюрувчиларга янада қулай шароитлар яратиш, ибодатларини адо этишлари, буюк муҳаддис мероси билан яқиндан танишишлари учун барча имкониятларни кенгайтириш бўйича кўрсатмалар берган.
Шунингдек, мажмуага автотранспортда келувчилар учун тўхташ жойларини кенгайтириш, зиёратчилар сайр қиладиган ҳудудларни янада обод қилиш, уларнинг дам олиши учун табиий ва қулай муҳит яратиш, бу борадаги ишларни доимий таҳлил қилиб бориш, ҳар олти ойда мажмуада зиёратчилар учун яратилган шароитларни ўрганиб, қўшимча чораларни белгилаб бориш муҳимлиги таъкидланган. Бутун мамлакатдан имом-хатибларни мажмуага таклиф қилиб, малакасини ошириш зарурлиги қайд этилган.

Давлат раҳбари зиёрат маданиятини юксалтириш, муқаддас қадамжолар ва мозорларни обод сақлаш бўйича тизимли ишларни йўлга қўйиш, бундай масканларда келиб-кетувчилар учун муносиб шароит яратиш муҳим эканини, ўтганлар хотирасига ҳурмат руҳини кучайтириш ёш авлоднинг ўзлигини англаши ва маънавий тарбиясида муҳим омил бўлишини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, 3-4 май кунлари Шавкат Мирзиёев Самарқандда бўлиб ўтадиган Осиё тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгашининг 59-йиллик йиғилиши тадбирларида иштирок этади.
Live
Барчаси