Путин Си Цзиньпинни газ бўйича янги шартнома тузишга кўндиролмади (видео)
Олам
−
20 Май 6742 3 дақиқа
Россия Президенти Владимир Путиннинг уруш бошланганидан бери бешинчи ва президентлик давридаги Хитойга 25-ташрифи ҳам Россияга “Сибирь қуввати-2” газ қувури қурилиши бўйича узоқ кутилган келишувларни олиб келмади. Бу ҳақда “Интерфакс” хабар берди.
Кремль матбуот котиби Дмитрий Песковнинг маълум қилишича, 10 йилдан ортиқ вақтдан бери муҳокама қилинаётган ва Хитойга газ етказиб беришни йилига 100 миллиард куб метргача оширишни назарда тутувчи лойиҳа бўйича ҳанузгача келишилмаган нюанслар қолмоқда.
“Айрим жиҳатларни ҳали келишиб олиш керак”, дейди Песков.
Шунингдек, у ўзаро англашувнинг “асосий параметрлари” ҳамда бўлажак қувур йўналиши (маршрути) келишиб олинганини, аммо лойиҳани амалга ошириш муддати бўйича ҳамон аниқ тўхтамга келинмаганини қўшимча қилган.
“Ҳозирча аниқ муддат йўқ. Бу барибир тижорат маълумоти ҳисобланади. Аммо бу ҳам анча катта ютуқ”, дейди Песков.
Путин Пекинга ўзи билан бирга катта делегацияни, жумладан, 5 нафар Бош вазир ўринбосари, 8 нафар вазир ҳамда энг йирик давлат компаниялари, хусусан, “Газпром” ва “Роснефть” раҳбарларини олиб борган. Ташриф давомида у Россия-Хитой ҳамкорлигининг “чексиз истиқболлари” ҳақида гапирган ва ХХРга нефть, кўмир ҳамда газни “узлуксиз” етказиб беришга ваъда берган.
Музокаралар якунида Москва ва Пекин 40 та ҳужжат имзолаган. Аммо Кремль томонидан эълон қилинган рўйхатдан маълум бўлишича, уларнинг бирортасида на “Сибирь қуввати-2” ва на нефть-газ соҳасидаги ҳамкорлик тилга олинган.
“Financial Times” манбасига кўра, Европа бозорини йўқотган ва бунга жуда муҳтож бўлиб турган “Газпром” учун янги газ қувури йўлидаги асосий тўсиқ – газнинг нархи бўлиб қолмоқда.
Унинг маълумотларига кўра, Хитой нархни Россия ички бозоридаги даражага яқинлаштиришни талаб қилмоқда. Бу эса ҳар минг куб метр учун тахминан 50 долларни ташкил этади – бу Пекин ҳозирда тўлаётган нархдан ($258) 5 баравар арзон ва “Газпром”нинг узоқ хориждаги бошқа мижозлари учун белгилаган нархидан ($420) 8,5 баравар кам.
Бундан ташқари, Хитой газдан фойдаланиш талаби аллақачон ўз чўққисига чиққан бўлиши мумкинлигидан хавотирда ва шу сабабли уни сотиб олиш бўйича қўшимча мажбуриятларни бўйнига олишга шубҳа билан қарамоқда.
Ҳозирги вақтда ХХР Россиядан ҳар йили 38 миллиард куб метр газ сотиб олмоқда – бу “Газпром”нинг узоқ хорижга қилаётган экспортининг ярми дегани ва умумий экспорт 1980-йиллар охиридан бери энг паст даражада қолмоқда. Ўн йилликнинг охирига келиб Россия ҳукумати Хитойга етказиб беришни яна 47 фоизга ошириб, йилига 56 миллиард куб метрга етказишни режалаштирган. Қўшимча газ Узоқ Шарқ йўналиши (12 миллиард куб метр) ва “Сибирь қуввати-1” қувури қувватини кенгайтириш (6 миллиард куб метр) ҳисобига таъминланиши кўзда тутилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Пекинда Хитой Раиси Си Цзиньпин ва Россия Президенти Владимир Путин ўртасида музокаралар бўлиб ўтгани ҳақида хабар берилган эди. Музокараларнинг биринчи қисми Тяньаньмэнь майдонидаги Халқ йиғинлари саройида тор доирада ўтказилган ва тахминан бир ярим соат давом этган.
Live
Барчаси