QALAMPIR.UZ суриштируви ортидан Бандлик вазирлиги марказининг мол-мулки хатланди

Жамият

image

Аввалроқ, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ходимларининг малакасини ошириш маркази таркибидаги Касб-ҳунарга ўқитиш бўлимида 2020 йил 14 октябрдан 2024 йил 31 декабргача ишлаб келган ва асоссиз равишда ишдан бўшатилган, суд ажрими асосида тўланиши керак бўлган 769 миллион сўмни ололмай келаётган 14 нафар мутахассис QALAMPIR.UZ’га мурожаат қилгани ҳақида хабар берган эдик.

Мажбурий ижро бюроси матбуот котиби Фаррух Тошпўлатовнинг QALAMPIR.UZ’га маълум қилишича, суд қарори ижроси таъминланмагани сабабли марказ раҳбари Абдуҳалил Раҳмонов жаримага тортилган. Шунингдек, у бошқариб келаётган марказдаги 1887 турдаги, умумий қиймати 18 миллиард сўмлик мол-мулклар хатланиб, банд солинган.

Қайд этилишича, Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг ижро варақасига асосан, қарздордан Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ходимларининг малакасини ошириш марказига ишга тиклаш ҳамда мажбурий "прогул" вақти учун иш ҳақи ва маънавий зарар ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати Мажбурий ижро бюроси иш юритувига келиб тушган.

Бюронинг Янгиҳаёт туман бўлими томонидан Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар судига мазкур суднинг 2025 йил 6 июндаги 2-1005-2512/30-сонли ижро ҳужжати бўйича кейинги ижро ҳаракатларини амалга ошириш юзасидан тушунтириш сўраб, мурожаат қилинган.

Ўз навбатида, Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг жорий йил 5 августдаги жавоб хатида, Тошкент шаҳар суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2025 йил 23 майдаги ажрими ҳамда тафтиш инстанциясининг 22 июлдаги ажрими ўзгаришсиз қолдирилгани, ижро ҳаракатлари эса давом эттирилиши билдирилган.

Юқоридагиларга асосан, Сергели туман ғазначилик бўлимига жавобгар Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ходимларининг малакасини ошириш марказига нисбатан “Бюджет ташкилотларининг молиявий мажбуриятлари бўйича унга тегишли бўлган пул маблағларига қаратиш тўғрисида”ги қарор бўйича ундирув ҳаракатлари давом эттирилиб, суд қарори ижросини таъминлаш юзасидан хабарнома юборилган.

Ижро ҳаракатлари давомида қарздор марказнинг банк ҳисоб рақами ҳамда икки автотранспорт воситасига банд солинган. Бундан ташқари, мазкур ижро ҳужжати юзасидан марказ директори Абдуҳалил Раҳмоновга нисбатан суд қарори ижроси таъминланмаганлиги сабабли, 8 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 198-1-моддаси 2-қисмига асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари, яъни 4 120 000 сўм миқдорида жарима қўлланилган. Жорий йилнинг 11 сентябрь куни мазкур жарима суммаси марказ директоридан ундирилган. Шунингдек, мажбурий ижро ҳаракатлари давомида марказга тегишли бўлган 10 дона компьютер тўплами қарздорлик қопланмаганлиги учун хатланган.

Жорий йилнинг 21 октябрь куни, QALAMPIR.UZ суриштирувидан сўнг қарздор марказнинг маъмурий биносига чиқилиб, ташкилотга тегишли бўлган 1 минг 887 турдаги, умумий қиймати 18 миллиард сўмлик мол-мулклар хатланиб, банд солингани маълум қилинди.

QALAMPIR.UZ воқеалар ривожини кузатишда давом этади.


Мақола муаллифи

Теглар

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ходимлар Абдуҳалил Раҳмонов Касб-ҳунар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг