“Реал” футболчилари жароҳатлари сабаб ички текширув бошлади
Спорт
−
05 Март 1152 2 дақиқа
Сўнгги йилларда “Реал Мадрид” жамоаси футболчилари жиддий жароҳатлар олаётгани клуб раҳбариятини ташвишга солди. Шу сабабли клуб ички текширув бошлади. Бу ҳақда “El Mundo” нашри хабар беради.
Нашрнинг ёзишича, клуб раҳбарияти жароҳатлар сони тасодифий ҳолат эмаслигини ва сабабини аниқлаш мақсадида ички текширувни бошлаган.
Клуб айниқса, бу жароҳатларнинг аксарияти “Сантьяго Бернабеу” стадионида ёки “Реал Мадрид” машғулот майдонида содир бўлганидан хавотирда. Шу сабабли раҳбарият ҳодисалар ўртасидаги боғлиқликни аниқлаш ва вазиятни чуқур ўрганишга қарор қилган.
Манбаларга кўра, Мадрид жамоаси айни пайтда бир нечта омилларни таҳлил қилмоқда: машғулот майдонларининг ҳолати, жисмоний тайёргарлик интенсивлиги, тикланиш усуллари ва тиббиёт ходимларининг иш самарадорлиги.
Клуб футболчиларнинг машғулотлари барча замонавий стандартларга жавоб беришини ва бундай жароҳатлар хавфини камайтиришни мақсад қилмоқда.
Қайд этиш жоиз, жамоанинг франциялик ҳужумчиси Килиан Мбаппе ҳам тизза боғламидаги чўзилиш туфайли уч ойга яқин ноқулайликни бошдан кечирмоқда. Жароҳат уни 2025 йил декабрдан бери безовта қилмоқда ва ҳали тўлиқ тузалмаган. Бундан ташқари, жамоа етакчиси Жуд Беллингем ҳам жароҳат сабаб “қироллик клуби”га ёрдам беролмаяпти.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Реал Мадрид” жамоасининг бразилиялик ҳужумчиси Родриго ўнг оёғида олдинги хочсимон боғлам ва латерал менискус йиртилиши жароҳатини олгани сабаб мавсум якунлангани ва шунингдек Жаҳон чемпионатини ўтказиб юбориши ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси