Gulfood’да Ўзбекистон нимани исботлади?

Бизнес

Жорий йилнинг 26-30 январь кунлари Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида дунёнинг энг йирик кўргазмалари қаторида саналадиган “Gulfood-2026” халқаро озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда ичимлик сувлари кўргазмаси бўлиб ўтди.

30 йилдан бери ташкил этиладиган ушбу кўргазмада иштирок этувчи йирик даватлар сони йилдан йилга ошиб бормоқда. Бу йил 195 та мамлакатдан 8 500 мингта йирик компаниялар ўз маҳсулотларини олиб келган. Ташриф буюрувчилар сони эса 1 миллион 200 мингдан ошди.

Кўргазмада Бирлашган Араб Амирликлари вице-президенти, Дубай амири Шайх Муҳаммад бин Рашид Ал Мактумнинг шахсан ўзи қатнашаётгани Gulfood нинг  нақадар мавқеи баландлиги ҳамда муҳимлик даражаси юқори эканилигини кўрсатиб беради.

Ушбу кўргазманинг 510 м2 майдонида “Made in Uzbekistan” ягона миллий стенди ташкил этилди ва унда  65 та маҳаллий тадбиркорлик субъектлари иштирок этди. Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, ичимлик сувлари, қуритилган мевалар, дуккакли ва қандолат маҳсулотлари потенциал харидорларга намойиш этилди.

Жараён давомида ширинлик ишлаб чиқарувчи ўзбекистонлик тадбиркорлар чет эл компанияси билан ҳар ойда 80 тоннагача маҳсулотни экспорт қилиш бўйича музокаралар ўтказди. 

“Асосий мижозлар араб давлатларидан бўляпти. Улар қизиқаётган маҳсулотлар бу қандолат маҳсулотлари, печенье, вафли ва кекслар. Улар бизнинг маҳсулотларимизни татиб кўришди ва сифати жуда ҳам ёқди. Ойига 70-80 тонна атрофида барқарор оламиз, дейишяпти. Музокарамизда иккинчи босқич бор. У ерда нарх-наволар ва кейинги бўладиган операциялар музокара қилинади”, дейди “ISKO” компанияси директори ўринбосари Шаҳзод Муталов. 

195 давлатдан келадиган, бир неча ўнлаб тонналарда харид қилишга имконияти бўлган тайёр харидорларни ҳамма жойда ҳам учратиш имконсиз. Буни тушунган ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчиларнинг имкониятдан фойдаланишга уриниш даражасини бир сўз билан изоҳлаймиз – максимум.

Gulfood да маҳсулотлар шунчаки кўрсатилмайди. Бу ерда импортёрлар қарор қилади, дистрибъюторлар танлайди, компаниялар эса бутун йилга мўлжалланган савдо режасини шакллантиради.

Ҳозирги кунда ўнга яқин давлатларга экспорт қилаётган бўлсак, бу йилги Gulfood дан кутилаётган натижа камида шу рақамни икки баравар ошириш ва янги давлатлар, араб ҳамда Европа мамлакатларига ҳам экспорт қилиш. ISO ва ҳалол сертификатларимиз бор. Шуларга қизиқиш билдириб, эътибор қаратишяпти. Чет элликлар Ўзбекистонда жуда сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқараётганини энди кўриб, ишониб, қизиқиш билдиришяпти”, дейди тадбиркор Шаҳзод Собиржонов

Ўзбекистон павильонида меҳмон бўлган хорижлик тадбиркорларни ҳам суҳбатга тортдик. Улар ўз хулосалари ва режаларини ҳам айтиб ўтишди.

“Асосан, биз сизнинг ловияларингиздан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришда фойдаланмоқчимиз. Бу маҳсулотлар консерва кўринишида бўлади. Айниқса, қизил кидней ловияси ва пинто ловиясига катта қизиқиш билдиряпмиз. Биз одатда жуда катта ҳажмларда сотиб оламиз. Авваллари Жанубий Америкадан импорт қилганмиз, бироқ бу сафар илк бор Ўзбекистон ҳам ловия маҳсулотларини таклиф қилаётганини билиб, бизда катта қизиқиш уйғонди. Шу боис, Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилиш имкониятидан жуда мамнун бўлардик”, дейди АҚШдаги “Mina Holding” компанияси президенти Тариқ Абдуллоҳ.

“Бу павильонга кирганимда, қандайдир янги ҳис сездим. Менга бегона, лекин ёқимли атмосфера бор. Биз асосан болалар учун кекслар ва ширинликлар излаяпмиз. Уларни Сомалига олиб кетмоқчимиз. Узоқ муддатли ҳамкорлик қиладиган ишончли етказиб берувчи қидиряпмиз. Мен фақат Ўзбекистон паловини билардим. Лекин, ҳозир бу ерда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни кўриб, жуда қизиқиб қолдим. Ўзим учун учта тадбиркорни белгилаб олганман. Уларнинг таклифларини солиштирамиз. Қайсидир бирини танлашимизга 80 фоиз ишоняпман”, дея гапини тугатди Сомалидан келган тадбиркор Муҳаммад Фараҳ Абдуллоҳ. 

Беш кун давом этган Gulfood’ кўргазмаси Дубайнинг икки йирик кўргазмалар саройида, яъни “ Dubai World Trade Centre” ва “Dubai Expo City”да бўлиб ўтди. Ушбу кўргазма бутун жахон савдо бозорини ўз ичида мужассам этган. Кўргазма ўзининг барқарор ўсиш траекториясига эга бўлиб, глобал савдо тармоқларининг юксалиши ва янгидан янги инновацион ғоялар учун катта имкониятларни тақдим этади. 

Жараёнлар ҳақида батафсил маълумотни You Tube саҳифамиздаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Бирлашган Араб Амирликлари Дубай шаҳри Gulfood Ўзбекистон павильони Шайх Муҳаммад бин Рашид Ал Мактум

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг