Рим папаси Исроилни Фаластин давлатини тан олишга чақирди (видео)
Олам
−
01 Декабрь 1551 2 дақиқа
Кеча, 30 ноябрь куни Рим папаси Лео XIV Исроил ва Фаластин халқи ўртасидаги ўн йиллар давом этган можаронинг ягона ечими Фаластин давлатини тан олиш эканини айтди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Қайд этилишича, америкалик биринчи папа Лео Туркиядан Ливанга учаётган самолётдаги журналистларга Исроил ва Фаластин давлатлари ўртасидаги можаро тўғрисида гапирди.
“Биз ҳаммамиз биламизки, ҳозирда Исроил ҳали ҳам бу ечимни қабул қилмаяпти, лекин биз буни ягона ечим деб биламиз. Биз Исроил билан ҳам дўстмиз ва биз икки томон ўртасида воситачи овоз бўлишга интиламиз, бу уларга ҳамма учун адолат билан ечим топишга ёрдам беради”, деди папа итальян тилида.
Шунингдек, Рим папаси 8 дақиқалик қисқа матбуот анжуманида 1,4 миллиард аъзоси бор бўлган католик черковининг раҳбари сифатида май ойида сайланганидан кейин биринчи чет эл сафарида Туркияга ташрифи ҳақида ҳам гапирди
Рим папасининг айтишича, у Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған билан Исроил-Фаластин ва Украина-Россия можароларини муҳокама қилган.
“Туркия иккала урушни тугатишда муҳим роль ўйнайди”, деди Рим папаси.
Суҳбат давомида у Туркияни диний ҳамкорликнинг намунаси сифатида мақтади. Унинг сўзларига кўра, Туркия турли динга мансуб одамлар тинч-тотув яшай оладиган диёр.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Рим папаси илк хорижий сафарини Туркиядан бошлагани ҳақида хабар берилганди. 27 ноябрь куни Рим папаси Лео XIV ўзининг биринчи халқаро сафарига йўл олганди. У 27 ноябрдан 2 декабргача Туркия ва Ливанга ташриф буюришини маълум қилганди.