Ризо Паҳлавий бутун Эрон аҳолисини намойишга чиқишга чақирди (видео)
Олам
−
07 Январь 14532 2 дақиқа
Эрон сўнгги шоҳи Муҳаммад Ризо Паҳлавийнинг ўғли – Ризо Паҳлавий бутун мамлакат аҳолисини 8 ва 9 январь соат 20:00 да бир вақтнинг ўзида намойишга чиқишга чақирди. Бу ҳақда у кеча, 6 январь куни тунда ижтимоий тармоқлар орқали форс тилида чиқарган видео мурожаатида маълум қилди.
Қайд этилишича, шаҳзода халққа қилган мурожаатида уларнинг ҳафта давомида қилган намойишларини кузатганини, “зўравон режим”нинг босимига қарамай халқнинг курашаётганини эътироф этган. Шунингдек, Паҳлавий ўз нутқида Эрон халқини ҳаракатдан тўхтамасликка чорлаган.
“Намойишларни тартибли ва иложи борича кенг доирада сақлаш жуда муҳим. 8 ва 9 январь кунлари қаерда бўлсангиз ҳам соат 20:00 да шиорлар билан намойишни бошланг. Сизнинг жавобингизга қараб кейинги чақирувларни эълон қиламан”, деган у.
Шунингдек, шаҳзода Эрон хавфсизлик кучларига ҳам мурожаат қилиб, улар тарихий танлов олдида турганини, ё “жиноятчилар” билан бир тарафда туриш, ё халқ билан бўлишни танлаши кераклигини айтиб ўтган.
“Қуролларингизни одамларга қарши ишлатманг, аксинча уларни ҳимоя қилинг. Шунда нафақат миллий бурчингизни бажарасиз, балки ўзингиз ва оилангиз келажагини ҳам ҳимоя қилган бўласиз”, деган Паҳлавий.
У ўзининг ташкил этган Миллий ҳамкорлик платформаси орқали минглаб режим ичидаги ходимларнинг мухолифатга қўшилганини маълум қилган.
“The Jerusalem Post”нинг ёзишича, курд мухолифати партиялари ҳам эртага, 8 январь куни аҳолини умумий иш ташлашга ва аҳолиси кўп бўлган вилоятларда намойишларни кучайтиришга чақирган.
Эслатиб ўтамиз, Эронда тўққиз кундан бери давом этаётган кўча намойишларида камида 35 киши ҳалок бўлиб, 1200 дан ортиқ одам ҳибсга олинган эди.
Live
Барчаси