Россия ҳарбийлари Эстония ҳудудига кирди (видео)
Олам
−
18 Декабрь 17232 2 дақиқа
Кеча, 17 декабрь куни эрталаб Россиянинг уч нафар чегара қўриқчиси мамлакат шарқида жойлашган Эстония ҳудудига кириб борган. Бу ҳақда Эстония Ички ишлар вазири Игорь Тарога таяниб, ERR хабар берди.
Таронинг айтишича, ҳодиса видеокузатув камерасида қайд этилган. Эстония Полиция ва чегара қўриқлаш департаменти (PPA) маълумотларига кўра, россиялик чегара ходимлари Нарва дарёси орқали Васкнарва порти молига (порт ҳудудида қуриладиган гидротехник иншоот) борган. Ушбу молнинг бир қисми Эстония, бир қисми эса Россия ҳудудида жойлашган. Улар қирғоққа тушиб, пиёда мол бўйлаб юрган, назорат чизиғини кесиб ўтган ва кейин яна ортга қайтган. Шундан сўнг улар қайиққа ўтириб, Россия қирғоғига йўл олган.
“Bloomberg”нинг Эстония расмийларига таяниб ёзишича, чегара қўриқчилари мамлакат ҳудудида тахминан 20 дақиқа бўлган. Таро уларни қўлга олишга улгурилмаганини билдирган.
“Биз уларнинг ортидан Россия ҳудудининг ичкарисига кира олмаймиз”, дейди Таро.
Эстония Ички ишлар вазири россиялик чегарачиларнинг ҳаракати сабаблари номаълумлигини билдирган ва бугун, 18 декабрда икки давлат вакиллари ўртасида учрашув режалаштирилганини, Таллин Москва томонидан тушунтириш кутаётганини маъкум қилган. ERR хабарига кўра, Эстония ТИВ Россия элчихонасининг муваққат ишлар вакилини чақиради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эстония мамлакатнинг жануби-шарқида Россия билан чегара бўйлаб илк бетон бункерларни ўрнатишни бошлагани ҳақида хабар берилган эди. Йил охиригача расмийлар жами 28 та бункер жойлаштиришни режалаштирмоқда. Ушбу иншоотлар Европа Иттифоқи ва НАТОнинг шарқий қанотини мустаҳкамлаш мақсадида яратилаётган 600 та бошпанадан иборат тармоқнинг биринчи линиясини ташкил этади.
Live
Барчаси