Россияда Telegram деярли тўлиқ блокланди
Олам
−
10 Апрель 1157 2 дақиқа
Россия ҳукумати Telegram’ни блоклашни кучайтирмоқда ва унинг даражасини деярли 100 фоизга етказди. “Интернетни ҳимоя қилиш жамияти” раҳбари Михаил Климарев OONI сервисининг шунга доир маълумотларини эълон қилди.
Агар март ойи охирида блоклашдан айланиб ўтиш воситаларисиз (VPN’сиз) мессенжерга мурожаат қилишдаги узилишлар даражаси тахминан 80 фоизни ташкил этган бўлса, ҳозирда бу кўрсаткич 95 фоизга етган.
“Менимча, Россия ҳудудида Telegram тўлиқ блокланди”, дея хулоса қилади Климарев.
Шунингдек, у ўлчов маълумотлари ҳозирча камлигини ҳам қўшимча қилган. Бироқ буни “Downdetector” маълумотлари ҳам тасдиқламоқда. Бугун, 10 апрель ярим тундан бери мессенжерга киришдаги узилишлар даражаси 69 фоиздан 100 фоизга кўтарилган. Бу жорий йилдаги блоклашлар бошланганидан бери энг юқори кўрсаткичдир. Охирги соат ичида Telegram ишидаги муаммолар бўйича 800 га яқин шикоят тушган. Энг кўп шикоятлар Москва, Санкт-Петербург ва Самара вилоятидан бўлган. Фойдаланувчилар мессенжер очилмаётгани, хабар юбориб ва қабул қилиб бўлмаётгани ҳамда медиафайллар юкланмаётганини таъкидламоқда.
Апрель ойига келиб мамлакат ҳудудида Telegram’дан фойдаланиш имконияти 20 фоизгача тушиб кетган. “Ростелеком” раҳбари Михаил Осеевский Т2 тармоғида мессенжер трафиги 10 баравар камайганини маълум қилди. Президент маъмуриятидаги манбалар блоклаш қарори куч ишлатар тузилмалар томонидан қабул қилинганини айтган.
Шунга қарамай, кўплаб россияликлар VPN ёрдамида Telegram’дан фойдаланишда давом этмоқда. Мессенжер асосчиси Павел Дуров уларнинг сонини кунига 65 миллион киши деб баҳолаган. У, шунингдек, “рақамли қаршилик” кампанияси бошланганини эълон қилган ва Telegram трафигини Chrome браузери ниқоби остида кўрсатувчи ҳамда блоклашларни айланиб ўтишга ёрдам берувчи янгиланишни чиқарган.
“Левада-центр” сўровномасига кўра, россияликларнинг деярли ярми (49 фоизи ёки 71 миллион киши) ҳукумат блоклашига қарамай, Telegram’дан фойдаланишда давом этмоқда. Ҳар бешинчи киши (20%) мессенжердаги ахборот каналларини ҳар куни ёки кунига бир неча марта кузатиб боради.
Эслатиб ўтамиз, Роскомнадзор 2025 йил ёзида фирибгарларга ва россияликларни диверсияларга жалб қилишга қарши кураш баҳонасида Telegram’ни блоклашни бошлаган эди. Аввалига овозли қўнғироқлар чекланди, кейин эса медиафайллар узатиш тезлиги пасайтирилди. 2026 йил февралида регулятор блоклашни кучайтириб, мессенжер Россия ҳукумати билан ҳамкорлик қилмаётгани ва жиноятчиларга қарши етарли чоралар кўрмаётганини даъво қилди.
Live
Барчаси