Россиялик хакерлар дунё давлатларининг ҳарбий сирларини ўғирлашга уринди
Олам
−
15:33 1669 3 дақиқа
Россия ҳарбий разведкаси манфаатларида ишлайдиган хакерлар гуруҳи кўплаб мамлакатларнинг ҳарбий ва ҳукумат тузилмаларини Wi-Fi роутерлар орқали кузатиш бўйича йирик кузатув кампанияси ортида тургани маълум бўлди. Бу ҳақда кеча, 8 апрель куни АҚШ, Канада, Украина, Германия, Италия, Польша ва бошқа давлатлар махсус хизматларининг қўшма баёнотига асосланиб, “The Mockow Times” хабар берди.
“Камида 2024 йилдан бери APT28, Fancy Bear ва Forest Blizzard номлари билан ҳам танилган 85-махсус хизмат бош маркази (Бош штаб Бош бошқармаси бўлинмаси) кибержиноятчилари бутун дунё бўйлаб ҳисоб маълумотларини йиғиш ва роутерлардаги заифликлардан, жумладан, TP-Link роутерларини бузиш орқали фойдаланиш билан шуғулланиб келмоқда”, дейилади баёнотда.
Қайд этилишича, россиялик кибержиноятчилар созламаларни ўзгартирган, оқибатда ноутбуклар ва мобиль телефонлар каби роутерларга уланган қурилмалар ҳам бу созламаларни қабул қилган. Шу йўл билан хакерлар пароллар, аутентификация токенлари ва махфий маълумотларни, жумладан, электрон хатлар ҳамда веб-сайтларга ташрифлар ҳақидаги ахборотни тўплаган.
Хакерлар дунёнинг кўплаб мамлакатларидаги тизимларни, жумладан, АҚШ ва Украина тизимларини ҳам бузиб кириб, кейинчалик ўз тармоқларига тушган фойдаланувчилар ҳақидаги маълумотларни саралаб чиққан. Улар айниқса, ҳарбийлар, давлат тузилмалари ва муҳим инфратузилма объектларига оид маълумотларга алоҳида эътибор қаратган.
Ғарб махсус хизматларининг фикрича, хакерлар гуруҳи ўғирланган маълумотлардан киберҳужумлар уюштириш, ахборот саботажи ва разведка мақсадларида фойдаланган.
“Россия махсус хизматлари давлат органлари ходимлари, Украина Қуролли кучлари бўлинмалари ва мудофаа-саноат мажмуаси корхоналари ходимлари ўртасида алмашилган маълумотларга алоҳида эътибор қаратган”, дея маълум қилган Украина Хавфсизлик хизмати.
Маълумот учун, APT28, Fancy Bear ва Forest Blizzard номлари билан танилган хакерлар гуруҳи илгари ҳам бир неча бор йирик киберҳужумлар билан тилга олинган. 2025 йил ёз ойларида Буюк Британия АҚШдаги 2016 йилги президентлик сайловларига аралашувда ва 2018 йилда Буюк Британияда заҳарланган Сергей ва Юлия Скрипалларни кузатишда иштирок этган 85-махсус хизмат бош маркази ҳамда ундаги икки нафар офицерга нисбатан санкциялар жорий этганди.
Мазкур гуруҳ Франция ва Германиядаги сайлов ва сиёсий жараёнларга аралашув бўйича терговларда ҳам тилга олинган. 2022 йилда эса улар Мариуполь қамалида онлайн разведка олиб бориб, юзлаб аёллар ва болалар яширинган театрга зарбалар берилишига кўмаклашган. Буюк Британия Путинга алоқадор 18 нафар жосус номини ҳам ошкор қилган.
“Wi-Fi роутерлар орқали амалга оширилган жосуслик ҳолатлари кенг қўлланиладиган тармоқ қурилмаларидаги заифликлардан тажрибали кибержиноятчилар қандай фойдаланиши мумкинлигини кўрсатади”, дейди Буюк Британия Миллий киберхавфсизлик маркази операцион директори Пол Чичестер.
У компаниялар ва оддий фойдаланувчиларни ўз киберхавфсизлигини кучайтиришга чақирган. Британия Миллий киберхавфсизлик маркази хавфларни камайтириш бўйича бир қатор чораларни эълон қилган.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил 19 декабрь куни Дания ҳукумати Россия давлати билан боғлиқ хакерлик гуруҳларини икки киберхужумда айблаган эди.
Шаҳзода Шукуруллаева
Live
Барчаси