Саакашвили шифохонадан қамоққа қайтарилди

Олам

image

Грузия собиқ президенти Михаил Саакашвили 2022 йилдан буён сақланаётган Тбилисидаги клиникадан чиқарилиб, “12-сонли тузатиш муассасаси”га (Рустави қамоғига) умумий тартибда жазони ўташ учун қайтарилди. Бу ҳақда 12 ноябрь куни мамлакат Махсус пенитенциар хизмати Facebook’да хабар берди.

Қайд этилишича, Саакашвилининг соғлиги ҳозирда “қаноатланарли”, шу боис у эндиликда стационар даволанишга муҳтож эмас. Бу борада хизмат сиёсатчининг даволовчи шифокорининг хулосасига таянганини қайд этди.

Маълумот учун, собиқ президент 2021 йил 29 сентябрга ўтар кечаси Грузияга қайтган — тергов маълумотига кўра, у “Вильнюс” пароми орқали Поти портига махфий келган ва юк машинасига яширинган. 2 октябрдаги сайловларда ҳукмрон “Грузия орзуси” партиясига қарши овоз беришга чақириқ билан Саакашвили Facebook’да видео жойлаган. Кейинги видеода у овоз беришларни сохталаштириш ҳақида тахмин қилиб, норозилик намойишларига чақирган. Полиция ва махсус хизматлар 1 октябрь куни сиёсатчининг турган жойини аниқлаган ва у Тбилисига келган ҳайдовчининг квартирасида ушланган ва ҳибсга олинган.

2021 йил октябрда Саакашвили қамоқда очлик эълон қилди — у 50 кун давом этди ва фақат Горидаги ҳарбий госпиталга реабилитация учун ўтказилгандан сўнг тўхтатди. Бироқ 2022 йил 21 февраль куни қамоққа қайтарилгандан кейин сиёсатчи яна очлик бошлади — 20 кун. 12 май куни соғлиги ёмонлашгани сабабли у Тбилисидги хусусий “Вивамеди” клиникасига ўтказилган ва у ерда алоҳида палатада сақланган. 2023 йил 31 январь куни Украина Олий Радaси депутати Елизавета Яско Саакашвилини ўта оғир аҳволда реанимацияга ўтказишганини айтган. Клиника буни рад этган.

Ҳозир Саакашвили депутат Валерий Гелашвилини калтаклаш иши ва банк ходими Сандро Гиргвлианини ўлдирганлар устидан иш бўйича тайинланган олти йиллик жазони ўтамоқда. 2025 йил 12 март куни Тбилиси шаҳар суди, шунингдек, давлат бюджетига тегишли 9 миллион лари (тахминан 3 миллион евро) маблағни талон-торож қилиш иши бўйича собиқ президентни тўққиз йилга озодликдан маҳрум этди. 17 март куни ўша суд унга давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш иши бўйича яна 4,5 йил берди. Жазоларни қисман қўшиш натижасида сиёсатчининг умумий қамоқ муддати 12 йил 6 ойга етди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тбилиси шаҳар суди Грузиянинг собиқ президенти Михаил Саакашвили ва Махсус давлат қўриқлаш хизмати собиқ раҳбари Теймураз Жанашияни давлат бюджетига қарийб 9 миллион лари (3,3 миллион доллар) тўлаши бўйича қарор чиқарганди.


Мақола муаллифи

Теглар

қамоқ шифохона Саакашвили

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг