Саида Мирзиёева Disney вице-президенти билан ўзбекча мультфильм томоша қилди
Жамият
−
20 Декабрь 3510 2 дақиқа
Кеча, 19 декабрь куни Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева “The Walt Disney Company” компаниясининг вице-президенти, “Эмми” мукофотининг 7 карра совриндори Ҳайма Вашингтон ва ўғли Шавкатжон билан мультфильм премьерасида қатнашди. Бу ҳақда у ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.
“Кеча болажоним Шавкатжон билан “Сеҳрландия: қаҳрамонлик миссияси” мультфильми премьерасида иштирок этдик. Залда 2000 нафар болажон бор эди — уларнинг кўзларидаги қувонч, ҳайрат ва самимий кулгини кўриб, кўнглим тўлиб кетди. Болалар мультфильмни шунчаки томоша қилишмади, гўё ичига кириб кетишди, қаҳрамонлар билан бирга яшашди, хурсанд бўлишди, хавотир олишди. Болани алдаб бўлмайди. Улар ёлғонни ҳам, ҳақиқатни ҳам дарров ҳис қилади. Агар бола экрандан кўз узмай ўтирган бўлса, демак, ижодкор ўз ишини чин дилдан қилган. Шу маънода, бу мультфильм болаларнинг қалбидан жой олганини ўз кўзим билан кўрдим”, дейди Саида Мирзиёева.


Унинг билдиришича, ушбу мультфильм Ўзбекистон тарихида илк бор 3D форматда ишланган тўлиқ метражли анимацион фильм ва бу биринчи қадам ҳисобланади.

“Лекин энг муҳими – бу қадам ташланди. Она сифатида айтаман: болаларимиз ўз тилида, ўз руҳиятига яқин, замонавий мультфильмларни кўриб улғайиши жуда муҳим. Шу сабаб Жаҳонгир Аҳмедов ва бутун ижодий жамоага чин юракдан миннатдорлик билдираман. Бўшашманглар, олдинда янада катта ютуқлар, янада чиройли орзулар бор. Омад сизга ёр бўлсин!” дейди Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Саида Мирзиёева “The Walt Disney Company” компаниясининг вице-президенти, “Эмми” мукофотининг 7 карра совриндори Ҳайма Вашингтон билан учрашгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси