Саида Мирзиёева ва Комил Алламжонов Вашингтонда Трампнинг махсус вакили билан учрашди

Жамият

image

Кеча, 6 апрель куни Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Вашингтон шаҳрида АҚШнинг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили, элчи Сержио Гор билан учрашди. Бу ҳақда Мирзиёева ўзининг Telegram-каналида ёзиб қолдирди. 

Қайд этилишича, ҳамкасблар ўртасидаги мулоқот Америка–Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгашининг фаолияти расман бошланиш арафасида бўлган. 

“АҚШ пойтахтида ҳамкасбим, Америка–Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгаши ҳамраиси, элчи Сержио Гор билан самарали учрашув ўтказдик. Унда мамлакатларимиз ўртасидаги ишбилармонлик ҳамкорлигининг асосий масалаларини муҳокама қилдик. Учрашув кенгаш фаолияти расман бошланиши арафасида бўлиб ўтди”, дея ёзган Мирзиёева. 

Қўшимча қилинишича, ушбу тузилма Ўзбекистон ва Қўшма Штатлар ўртасидаги бизнес алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қиладиган самарали майдонга айланади. 

“Бунга мамлакатларимиз Президентларининг қатъий сиёсий иродаси мустаҳкам замин яратмоқда. Ишбилармонлик дастури давом этмоқда”, дея қўшимча қилган Президент Администрацияси раҳбари. 

Шунингдек, учрашувда Президент Администрацияси раҳбарининг собиқ ўринбосари Комил Алламжонов ҳам иштирок этган.

Қайд этиш жоиз, Шавкат Мирзиёев 2025 йилнинг 6-7 ноябрь кунлари АҚШга борган эди. Ўзбекистон етакчиси Қўшма Штатлар Президенти Дональд Трамп билан музокаралар ўтказди, Марказий Осиё мамлакатлари ва АҚШ етакчиларининг С5+1 форматидаги саммитида иштирок этди. Шундан сўнг Америка – Ўзбекистон ишбилармонлар ва инвестициялар кенгаши ташкил этилди. Кенгаш фаолиятини Ўзбекистон томонидан Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ва АҚШ Президентининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили Сержио Гор бошқариб боради. Президент Администрацияси раҳбарининг собиқ ўринбосари Комил Алламжонов эса Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси маслаҳатчи-элчиси – Президент Администрациясининг АҚШдаги вакили лавозимига тайинланди.

Эслатиб ўтамиз, Америка-Ўзбекистон ишбилармонлар кенгашининг биринчи йиғилиши 7 февраль куни Тошкентда бўлиб ўтган эди. Ушбу йиғилишда Сержио Гор Саида Мирзиёева билан учрашиб, бошқа кўплаб мавзулар қаторида икки давлат ўртасида тижорат дипломатиясини кучайтириш масалаларини муҳокама қилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Саида Мирзиёева Вашингтон Сержио Гор

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг