Самарқандда “облоно” мудири ўғли ва жиянини хорижга борадиган делегацияга қўшиб юборди
Жамият
−
03 Февраль 14123 2 дақиқа
Самарқанд вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси раҳбари Музаффар Ҳамдамов Россияга юборилган расмий делегация таркибига ўз ўғли ва жиянини қўшиб юборган. Бу ҳақда самарқандлик блогер ва фаол Хайрулла Мамасолиев ёзмоқда.
“Бўлсанг валломатнинг боласи бўл эканда, бюджетдан келган тортни ҳам сен ейсан, печеньени сен ейсан, жа қорнинг тўймай қолса қора халқнинг қўлидаги нонни ҳам сен ейсан, яшавор Василий, шоввоз...”, деб ёзган у.
.jpg)
Блогер илова қилган рўйхатда 10 кишидан икки нафарининг фамилияси Яздонқулов экани ва бошқаларга қараганда ёшлари ҳам кичик эканини кўриш мумкин. Маълум бўлишича, бу икки боланинг бири бошқарма раҳбарининг ўғли, бири эса жияни. Буни Ҳамдамовнинг ўзи ҳам ушбу хабар остидаги изоҳларда маълум қилган. Қизиқ жиҳати шундаки, мулозим ижтимоий тармоқлардаги изоҳларида бу иш нотўғри ва ҳатто гуноҳ эканини билмаганини ёзган.
“Менинг ўғлим борган тадбирда иштирок этган! Ёнида жияним ҳам борган. Афсусдаман! Шунчалик катта гуноҳлигини билганимда рухсат бермасдим! Улуғбекни айби бошқарма бошлиғининг ўғли экани. Нотўғри, менинг ўғлим Улуғбекни бориши нотўғри! Унга бориш ҳайф. Тўғри айтяпсизлар! У бола ҳамма қатори аълочимас! У бола, менинг ўғлим айтганимни қилиб борган, боргиси келмаса ҳам борган! Тан оламан, нотўғри борган”, деб ёзган Ҳамдамов.
Ҳолат юзасидан Самарқанд вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси юмалоқ-ёстиқ қилиб муносабат билдирди. Унга кўра, мазкур тадбирга бориш учун шакллантирилган 14 нафар иқтидорли ўқувчилар ва 1 нафар масъулдан иборат жами 15 нафар жамоанинг айримлари паспорт ҳужжатлари ўз вақтида тайёр бўлмаганлиги ва айримларининг ота-оналари рухсат бермаганликлари боис 8 нафар аълочи ўқувчи ва 2 нафар масъуллардан иборат жамоа рўйхати шакллантирилган. Тадбирда вилоятдан жами 10 нафар иштирокчилар қатнашган. Мазкур гуруҳга рус тилини мукаммал биладиган малакали мутахассис – Гулмира Салимова масъул этиб тайинланган.
Қайд этиш керакки, аввалроқ Самарқанд вилояти ҳокими Адиз Бобоев раҳбарлар коррупцияга қарши курашишда шахсий намуна кўрсатиши кераклиги, чунки коррупция юқоридан бошланиб, пастга қараб тарқалиши ва халқ ҳаммасини билиб, ҳаммасини кўриб тургани, ким қандай уй қурганини, ким қандай машина сотиб олганини билишини айтган эди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бухорода бюджет пулидан “откат” олишга уринган бухгалтерлар ушланган эди.
Live
БарчасиЭрдўған Саудияга борди
03 Февраль
Путин “қора шаҳзода” билан телефонлашди
03 Февраль