Сергей Шойгуга қабристондаги суиқасднинг олди олинди
Олам
−
18 Ноябрь 11370 2 дақиқа
Москвадаги Троекуровский қабристонида Россия Хавфсизлик кенгаши котиби Сергей Шойгуга суиқасд уриниши бартараф этилди. Бу ҳақда “Московский комсомолец” манбага таяниб хабар берди.
Федерал хавфсизлик хизмати 14 ноябрь куни Троекуровский қабристонида россиялик юқори мартабали амалдорга суиқасднинг олди олингани ҳақида маълум қилди. Маълумотларга кўра, суиқасд Украинанинг кўрсатмаси билан у яқин қариндошлари дафн этилган жойга борганида уюштирилиши режалаштирилган эди. Расмий баёнотда Шойгунинг исми қайд этилмаган.
Тергов доирасида бир неча киши ҳибсга олинди, улар орасида эр-хотин ҳам бор. Эр-хотин терговга берган кўрсатмаларида улар бу ишни интернетда танишган Руслан исмли шахснинг кўрсатмаси бўйича олиб борганини айтган. Улар қабристонга бориб, қабрлардан бирининг ёнига гулдон қўйиб кетиши керак бўлган. Унинг ичида камера ва гумонланувчилардан бири айтганидек, портловчи қурилма ҳам бўлган. Уларга топшириқни бажаргани учун мукофот сифатида метадон ваъда қилинган. Эр-хотин уйга кетаётганда қўлга олинган.
Сергей Шойгунинг отаси ва онаси Кужугет Сергеевич ва Александра Яковлевна Троекуровский қабристонида дафн этилган. Бу қабристонда 2021 йилда вафот этган Хавфсизлик кенгаши котибининг синглиси Лариса Шойгу ҳам дафн этилган. Қабристон ходимининг айтишича, бомба зарарсизлантириш бўйича мутахассислар ишлатаётган махсус қурилма тўғридан тўғри Шойгунинг ота-онаси дафн этилган жойга йўналтирилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сурия иккита террорчилик ҳужуми орқали муваққат президент Аҳмад аш-Шарани ўлдиришга уриниш бўйича “Ислом давлати” (ИШИД) гуруҳи режаларини фош этганди.
Live
Барчаси