Тошкент ва Прага ўртасида авиақатновлар қайта тикланиши мумкин (видео)

Жамият

image

Бугун, 30 апрель куни Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Чехия Республикаси Бош вазири Андрей Бабишнинг тор доирада ва икки мамлакат делегациялари иштирокида музокаралари бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон билан Чехия ўртасидаги амалий ҳамкорликнинг жорий ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинган.

Учрашув аввалида Ўзбекистон етакчиси ушбу ташриф Ўзбекистон – Чехия муносабатлари тарихида сифат жиҳатидан янги босқични бошлаб беришини алоҳида таъкидлаган.

Барча соҳаларда ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилган. Ҳукуматлар, вазирликлар ва идоралар даражасида яқин алоқалар ўрнатилган, ишбилармонлик ва гуманитар алмашинувлар фаоллашган.

Парламентларда “Дўстлик гуруҳлари” ташкил этилган. Ҳукуматлараро комиссия самарали ишламоқда.

Кейинги йилларда товар айирбошлаш қарийб икки баробарга ошган. Мамлакатда Чехия капитали иштирокида 37 та қўшма корхона муваффақиятли фаолият юритмоқда. Бир қатор янги кооперация йўналишлари бўйича иш олиб борилмоқда.

Ўзаро савдо ҳажмини оширишга алоҳида эътибор қаратилган. Товар айирбошлашни, шу жумладан, маҳсулот турларини кенгайтириш орқали 1 миллиард долларга етказиш вазифаси қўйилган.

Биргаликдаги савдони рағбатлантириш мақсадида Чехияда Ўзбекистоннинг биринчи сертификатлаш филиали ташкил этилмоқда. Чехиялик ҳамкорлар билан “Евро-6” стандартидаги автомобилларни сертификатлаш ва квант эталони бўйича замонавий лаборатория қурилмоқда.

Чехиянинг етакчи компаниялари билан машинасозлик, “яшил” энергия, геология ва муҳим хомашё, кимё, фармацевтика ҳамда бошқа соҳаларда лойиҳаларни амалга оширишни ўз ичига олган Технологик ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришилган.

Шунингдек, инфратузилмани ривожлантириш ва “ақлли” шаҳарлар яратиш, муҳандислик иши ва рақамлаштириш соҳаларида кооперация учун мавжуд истиқболлар қайд этилган.

Хусусан, куни кеча бўлиб ўтган Ўзбекистон – Чехия бизнес форумида эълон қилинган лойиҳавий ташаббуслар қўллаб-қувватланган.

Томонлар Экспорт кредитларини суғурталаш агентлиги ва Чехия Экспорт банкининг Ўзбекистонда лойиҳаларни амалга оширишни қўллаб-қувватлаш ниятини олқишлаган.

Иқтисодий кун тартибидаги барча масалаларни илгари суриш учун Ишбилармонлар кенгашини тузиш ва Ҳукуматлараро комиссиянинг кейинги йиғилишини шу йил август ойида Тошкентда ўтказиш таклиф қилинган.

Маданий-гуманитар соҳада, шу жумладан, қўшма диплом дастурлари доирасида таълим ва академик алмашинувни кенгайтиришдан икки томон ҳам манфаатдор экани тасдиқланган.

Ўзаро маданият ва кино кунлари, кўргазма ва концертларни мунтазам равишда ўтказиш, шунингдек, мамлакатлар ўртасида сайёҳлар оқимини кўпайтириш муҳимлиги таъкидланган.

Шу мақсадда икки мамлакат пойтахтлари ўртасида тўғридан тўғри авиарейсни қайта тиклаш масаласи кўриб чиқилади.

Тартибли меҳнат миграцияси соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинган.

Халқаро кун тартиби юзасидан ҳам фикр алмашилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев музокара Андрей Бабиш

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг