Шавкат Мирзиёев Озарбайжон Бош вазири билан учрашди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент халқаро инвестиция форумида иштирок этиш учун мамлакатга ташриф буюрган Озарбайжон Республикаси Бош вазири Али Асадовни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Учрашувда Озарбайжоннинг “PASHA Holding”, “Neqsol Holding”, “AzerGold” компаниялари ҳамда Озарбайжон Халқаро банки раҳбарлари ҳам иштирок этган.

Суҳбат аввалида Али Асадов давлатимиз раҳбарига Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказган.

Ўзбекистон етакчиси, ўз навбатида, Озарбайжон халқини куни кеча бўлиб ўтган байрам – Миллий нажот куни муносабати билан табриклаган.

Ўзбекистон – Озарбайжон дўстлик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада кенгайтириш ҳамда мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилган.

Барча даражалардаги фаол алоқалар мамнуният билан қайд этилган. Жорий йилнинг бошидан буён товар айирбошлаш ҳажми 40 фоизга ошди. Қурилиш, энергетика, тоғ-кон саноати, геология, логистика, туризм ва бошқа тармоқларда кооперация лойиҳалари муваффақиятли амалга оширилмоқда.

Икки мамлакат ҳукуматлари бўлажак олий даражадаги саммитнинг иқтисодий кун тартибини пухта тайёрлаши муҳимлиги таъкидланган. Бунда ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши ва Ҳудудлар форуми натижадор ўтишини таъминлаш зарурлиги қайд этилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев V Тошкент халқаро инвестиция форуми арафасида АҚШнинг етакчи компаниялари делегацияси билан учрашув ўтказганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Озарбайжон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг