“Мурдалар гапирмайди”. Янги криминал бадиий фильм суратга олиниши мумкин
Жамият
−
13 Февраль 4440 2 дақиқа
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Маликнинг “Мурдалар гапирмайди” қиссаси асосида янги криминал бадиий фильм суратга олиниши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда бугун, 13 февраль куни Ўзбекистон халқ артисти – Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши раиси Ёдгор Саъдиев Тошкент шаҳар ИИББ Кинология марказида ўтказилган пресс-тур доирасида QALAMPIR.UZ’га маълум қилди.
Тадбир аввалида иштирокчилар жиноятларнинг олдини олиш ва уларни фош этишга ўргатилган хизмат итлари фаолияти билан танишди. Маълум қилинишича, марказдаги махсус зотли итлар қарийб тўрт ой давомида ҳарбий тайёргарликдан ўтказилади. Уларнинг хизмат жараёни Жамоатчилик кенгаши аъзолари томонидан кўздан кечирилди. Шундан сўнг оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида савол-жавоб ўтказилди.
Мулоқот давомида QALAMPIR.UZ раҳбари Қамариддин Шайхов томонидан “Шайтанат” каби яна бир криминал бадиий фильм яратиш таклифи илгари сурилди. Ёдгор Саъдиев бу яхши таклиф эканлигини, бундан бир неча йил илгари Тоҳир Маликнинг “Мурдалар гапирмайди” асари асосида фильм ишлаш ғояси бир бошланганини, аммо турли сабабларга кўра жараён амалга ошмай тўхтаб қолганини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, мазкур таклиф лойиҳани қайта тиклаш ва суратга олиш ишларини давом эттириш учун асос бўлиши мумкин.

Шунингдек, Ёдгор Саъдиев ИИО ходимлари ватан қалқони эканини қайд этиб, зарурат туғилса, хизмат итлари фаолияти ҳақида ҳам алоҳида бадиий фильм яратиш мумкинлигини билдирди.
Маълумот ўрнида, “Шайтанат” жанр жиҳатидан аввало криминал драма, шу билан бирга унда детектив ва қисман триллер услубда ишланган. Бу сериал Ўзбекистонда 1990 йиллар бошидаги жиноий муҳит, мафия тузилмалари, коррупция ва ҳокимият учун курашни тасвирлайди. Асар Тоҳир Маликнинг шу номли романи асосида суратга олинган бўлиб, у ўз даврида катта ижтимоий резонансга сабаб бўлган.
Live
БарчасиҚашқадарё ва Самарқандда дўл ёғди
13 Февраль