Шмигал, Фёдоров, Малюк лавозимидан озод қилинди
Олам
−
13 Январь 6978 2 дақиқа
Украина Олий Радаси (парламенти) бугун, 13 январь куни Мудофаа вазири Денис Шмигал, Бош вазирнинг биринчи ўринбосари ва рақамли трансформация вазири Михаил Фёдоров, Украина Хавфсизлик хизмати раҳбари Василий Малюкни лавозимидан озод этишни маъқуллади.
Денис Шмигални Мудофаа вазири лавозимидан истеъфога чиқаришни ёқлаб, 265 нафар парламент аъзоси овоз берган. Шмигал бу лавозимда 2025 йил 17 июлдан бери ишлаб келаётган эди.
2026 йил 3 январь куни Украина Президенти Владимир Зеленский Денис Шмигалга Бош вазирнинг биринчи ўринбосари ва энергетика вазири лавозимини эгаллашни таклиф қилган.
Бош вазирнинг биринчи ўринбосари ва рақамли трансформация вазири Михаил Фёдоровнинг истеъфосини 270 нафар халқ депутати қўллаб-қувватлаган. Фёдоров Шмигал ўрнига Мудофаа вазирлигини бошқариши керак. Бу лавозимни унга Президент Зеленский таклиф қилган. Эртага, 14 январь куни парламент ушбу масалани кўриб чиқиши кутилмоқда.
Рада Василий Малюкни ҳам Украина Хавфсизлик хизмати раҳбари лавозимидан бўшатиш масаласини кўриб чиқди ва маъқуллади. Малюк ўз лавозимини тарк этаётганини 5 январь куни эълон қилганди.
“Душманга максимал зарар етказишда давом этадиган жаҳон даражасидаги носимметрик махсус операцияларни амалга ошириш учун УХХ тизимида қоламан”, деган эди у Украина махсус хизматининг Telegram-каналида эълон қилган баёнотида.
Ўша куни Украина Президентининг коммуникациялар бўйича маслаҳатчиси Дмитрий Литвин журналистларга Украина хавфсизлик хизмати раҳбари вазифасини бажарувчи этиб Украина хавфсизлик хизматининг “А” махсус операциялар маркази бошлиғи Евгений Хмара тайинланганини маълум қилган.
Live
Барчаси