Зеленский Мудофаа вазирини ҳам алмаштирмоқчи
Олам
−
03 Январь 3391 2 дақиқа
Украина Президенти Владимир Зеленский янги Мудофаа вазири лавозимига ҳозирда бош вазир ўринбосари ҳамда Рақамли трансформация вазири бўлиб ишлаётган Михаил Фёдоровни тайинлашни таклиф қилди. Агар Олий Рада унинг номзодини маъқулласа, у 2025 йил июлидан бери Мудофаа вазирлигини бошқариб келаётган Денис Шмигалнинг ўрнини эгаллайди. Бу ҳақда Зеленский ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.
Украина Президенти бу танловини изоҳлар экан, Фёдоров “дронлар линияси масалалари билан чуқур шуғулланаётгани”, шунингдек, “давлат хизматлари ва жараёнларини рақамлаштиришда жуда самарали ишлаётгани”ни қайд этган. Президентнинг фикрича, у ҳарбийлар, миллий қурол ишлаб чиқарувчилар ва Украинанинг ҳамкорлари билан биргаликда армияда зарур ўзгаришларни амалга ошириб, унга янада технологик тус бера олади.
Зеленский Шмигаль “жамоада қолишини” ҳам билдирган. Унга “давлат ишларининг бошқа бир йўналишини бошқариш” таклиф этилган. Президент ўтган йили Мудофаа вазирлиги “яхши натижалар” кўрсатганини, хусусан, декабрь ойига келиб дрон тутиб олувчилар ишлаб чиқариш ҳажми кунига минг донадан ошганини қайд этган.
Маълумот учун, Фёдоров 34 ёшда. Агар у лавозимга тасдиқланса, Россия босқини бошланганидан бери Украинанинг тўртинчи ва мамлакат тарихидаги энг ёш Мудофаа вазири бўлади. У Зеленский жамоасида 2019 йилдан бери ишламоқда.
Бу тайинлов мамлакат раҳбариятидаги кенг кўламли кадрлар ўзгаришлари фонида янгради. РБК-Украина манбаларига кўра, Зеленский, шунингдек, Украина Хавфсизлик хизмати раҳбари Василий Малюкни лавозимидан озод этиш имкониятини ҳам кўриб чиқмоқда, бироқ бу масала ҳозирча якуний ҳал этилмаган. Бундай қарор ҳам Олий Рада билан келишилиши лозим.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ мамлакат Мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармаси раҳбари Кирилл Буданов Президент офисига раҳбар этиб тайинланганди. Унинг ўрнини эса Ташқи разведка хизмати раҳбари Олег Ивашченко эгаллади.
Live
Барчаси