Шохи шайтонникига ўхшаш асалари кашф этилди

Олам

image

Австралиялик тадқиқотчилар ўзига хос кичик шохлари бўлган янги маҳаллий асалари турини кашф этди ва унга мос равишда Megachile Lucifer номини берди. Бу ҳақдаги тадқиқот “Journal of Hymenoptera Research” журналида эълон қилинди.

Тадқиқотчилар Megachile Lucifer турини ғарбий Австралиянинг Голдфилдс минтақасидаги Бремер тизмасида, жуда кам учрайдиган ёввойи гулни кузатиш вақтида топган. Ушбу ҳудуд Перт шаҳридан 470 км шарқда жойлашган.

Қайд этилишича, ажралиб турадиган катта шохлар фақат урғочи асалари турида учрайди. Бу шохлар ҳимоя қилиш, чанг ёки нектар йиғиш ёки уя учун қатрон сингари материалларни тўплашга хизмат қилиши мумкин.

Тадқиқот бошлиғининг сўзларига кўра, у янги турга ном танлаётганда Netflix’даги “Люцифер” сериалини кўраётган бўлган, шунинг учун ном жуда мос тушган. Унга кўра, бу гуруҳга мансуб асаларилар ичида сўнгги 20 йилда илк маротаба янги тур аниқланган.

“Урғочисининг юзида жуда ғаройиб кичик шохлар бор эди. Тавсифни ёзаётганимда сериални кўраётгандим ва ном жуда ўрнида бўлди. Мен ўзим ҳам Люцифер қаҳрамонининг ишқибозиман”, дейди Кёртин университетидан доктор Кит Прендергаст.

“Lucifer” лотин тилида “ёруғлик олиб келувчи”, деган маънони англатади. Олимнинг фикрича, бу ном маҳаллий асалариларни муҳофаза қилиш ва йўқолиб бораётган ўсимликларнинг чангланишини яхшироқ тушуниш зарурлигига эътибор қаратиш учун ҳам танланган.

Олимларнинг айтишича, янги асалари ва камёб гуллар бир жойда учрагани учун уларнинг яшаш муҳити бузилиши ёки иқлим ўзгариши каби жараёнлардан зарар кўриш хавфи мавжуд. Бундан ташқари, кўплаб кон компаниялари атроф-муҳитга таъсирини баҳолаганда маҳаллий асалариларни ҳисобга олмайди.

“Натижада биз ҳали кашф этилмаган турларни йўқотиб қўйишимиз мумкин. Баъзилари эса йўқолиб кетаётган ўсимликлар ва экотизимни асрашда муҳим роль ўйнайди. Қайси турдаги асаларилар мавжудлигини ва улар қайси ўсимликка боғлиқлигини билмасак, уларни танимай туриб йўқотиб қўйишимиз мумкин”, дейди Прендергаст.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Германиянинг Генрих Гайне номидаги университети олимлари асаларилар қандай қилиб маълумотни “мерос” сифатида етказиб, айрим асалариларга тўғридан тўғри уядаги ҳаётга мослашиш ва унинг жамоавий фаолиятини таъминлаш имконини беришини аниқлаган эди.

Моҳичеҳра Қадамова


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

асалари

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар