Шов-шувли суд: Google ва Meta руҳий зарар учун жаримага тортилди
Технология
−
27 Март 2115 2 дақиқа
Жорий йилнинг 25 март куни Лос-Анжелес суди Alphabet (Google эгаси) ва Meta технологик гигантларига қарши даъво аризаси билан чиққан калифорниялик 20 ёшли фуқаронинг иши бўйича қарор чиқарди. У ушбу компанияларнинг ижтимоий тармоқларига боғланиб қолиш (қарамлик) уни жиддий руҳий инқирозга олиб келганини даъво қилган. Бу ҳақда “Bloomberg” хабар берди.
Қайд этилишича, судьялар ҳайъати Meta даъвогарга камида 2,1 миллион доллар товон тўлаши кераклиги ҳақида қарор чиқарган. Google компаниясига нисбатан эса ҳукм камида 900 минг доллар тўлашни назарда тутади. Шундан сўнг судьялар компаниялар ўз ҳаракатлари учун қўшимча жарималар тўлаши керакми ёки йўқлигини ҳал қилади ва уларнинг миқдорини белгилайди.
Ушбу ишни кўриб чиқиш жорий йил январь ойида бошланган. Жавобгарлар суд қароридан рози эмасликларини билдирган ва келгуси чораларини муҳокама қилиш ниятида эканликларини маълум қилган.
Қайд этиш жоиз, бунгача бир қатор давлатлар ўсмирларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тақиқлаш истагини билдирган эди. Жумладан, 2026 йилда Малайзия 16 ёшдан кичик шахсларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тақиқлашни режалаштирмоқда. “Reuters”нинг февраль ойидаги хабарига кўра, Испания ва Греция ҳам болалар ва ўсмирлар учун шундай тақиқ жорий этишни кўзда тутмоқда. Францияда эса тегишли қонун лойиҳаси 27 январь куни биринчи ўқишда қабул қилинди.
Бундай чекловлар баъзи мамлакатларда аллақачон амал қилмоқда. 2024 йил октябрь ойида Норвегияда болалар учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш тақиқини кучайтиришга қарор қилинди. Мамлакатда ёш чегараси мавжуд бўлиб, унга кўра болалар ижтимоий тармоқлардан фақат 13 ёшдан бошлаб фойдаланишлари мумкин эди. Ҳукумат ушбу чегарани 15 ёшга кўтаришга қарор қилди. Ўша йили Австралияда ҳам 16 ёшгача бўлган болаларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш тақиқланди.
Live
БарчасиЎзбекистонда зилзила содир бўлди
12 Апрель
Венгрияда Орбан ҳам сайловда овоз берди
12 Апрель