Швейцариядаги байрам фожиаси: Ўзбекистон ТИВ ҳамдардлик билдирди

Олам

image

Кеча, 1 январь куни Швейцариянинг ҳашаматли “Crans-Montana” тоғ-чанғи курортида Янги йил байрами вақтида йирик ёнғин содир бўлди. Оқибатда қарийб 40 киши ҳалок бўлган, 115 нафар инсон турли даражадаги тан жароҳатлари олган. Бу ҳақда маҳаллий ОАВ хабар берди.

Маълум қилинишича, ёнғин соат 01:30 атрофида Швейцариянинг жануби-ғарбий қисмида жойлашган курорт ҳудудидаги “Le Constellation” номли барда, одамлар байрам қилаётган пайтда юз берган. Маҳаллий аҳолининг айтишича, ушбу маскан асосан ёшлар, жумладан ўсмирлар орасида машҳур бўлган.

Швейцария президенти Гай Пармелин мазкур фожиани “мамлакатимиз бошидан кечирган энг даҳшатли воқеалардан бири” деб атаб, ҳалок бўлганларнинг аксарияти ёшлар эканини таъкидлади.

Дастлаб портлаш содир бўлгани ҳақида хабарлар тарқалган бўлса-да, ёнғиннинг аниқ сабаби ҳозирча номаълумлигича қолмоқда. Расмийларнинг билдиришича, ҳодиса террор ҳужуми билан боғлиқ эмас, балки бахтсиз ҳодиса сифатида баҳоланмоқда.

Мутахассислар ҳалок бўлганларнинг шахсини аниқлаш мақсадида стоматологик маълумотлар ва ДНК таҳлилларидан фойдаланмоқда.

Маҳаллий кантон полицияси раҳбари Фредерик Гислернинг сўзларига кўра, тахминан 40 киши ҳалок бўлган, 115 нафари эса жароҳатланган бўлиб, уларнинг аксарияти оғир аҳволда. У ҳозирча қурбонлар ва жабрланганларнинг шахси ҳақида батафсил маълумот бериш учун эрта эканини таъкидлади. Шу билан бирга, Италия расмийлари олти нафар италиялик бедарак йўқолганини, 13 нафари эса шифохонага ётқизилганини маълум қилди.

Франция Ташқи ишлар вазирлиги саккиз нафар француз фуқароси бедарак йўқолганини билдирди ҳамда ҳалок бўлганлар орасида Франция фуқаролари бўлиши мумкинлигини истисно этмади.

Шунингдек, ушбу фожиа юзасидан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам ҳамдардлик билдирди. ТИВ матбуот котиби Ахрор Бурхановнинг маълум қилишича, ҳозирги вақтга қадар ҳалок бўлганлар ва жабрланганлар орасида ўзбекистонликлар аниқланмаган.

“Мазкур ҳодиса юзасидан Ўзбекистон Республикасининг Германиядаги ва Швейцариядаги дипломатик ваколатхоналари маҳаллий ҳокимият органлари билан доимий алоқада бўлиб турибди. Ҳозирги вақт ҳолатига кўра, вафот этганлар ва жабрланганлар орасида Ўзбекистон Республикаси фуқаролари аниқланмаган”, дейди Аҳрор Бурхонов.


Мақола муаллифи

Теглар

ёнғин Янги йил Швейцариян тоғ-чанғи курорт

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made