Сигеру Исибанинг қирғизистонлик “нусхаси” Японияда қаҳрамонга айланди
Олам
−
21 Февраль 5414 2 дақиқа
Қирғизистоннинг Италиядаги элчиси этиб тайинланган Эрмек Ўмуралиев Япониянинг собиқ бош вазири Сигеру Исибага ўхшашлиги билан японлар орасида машҳур бўлиб кетди. Бу ҳақда “Central Asia” хабар берди.
Хабарга кўра, АКИпресс агентлиги жорий йилнинг 18 февраль куни Х ижтимоий тармоғида Эрмек Ўмуралиевнинг тайинлангани ҳақидаги хабарни эълон қилган. Шундан сўнг хабар японияликлар орасида кутилмаган тарзда ижтимоий тармоқларда тарқалиб кетган. Бунинг сабаби – қирғиз дипломати ташқи кўриниши билан собиқ Япониянинг бош вазири Сигеру Исибага ўхшашлиги бўлиб, бу юз минглаб япон фойдаланувчиларнинг эътиборини тортган.
Сигеру Исиба машҳур япон сиёсатчиси бўлиб, 2024–2025 йилларда бош вазир лавозимида ишлаган. Ўмуралиевда унинг ташқи кўринишига ўхшаш жиҳатлар мавжудлиги ҳазиллар, солиштиришлар ва турли мемларга сабаб бўлган.
АКИпресснинг Х тармоғида жойлаган мазкур пости 2 миллиондан ошиқ кўрилган ва японлар орасида кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлган. Бу ноёб ҳолат бўлиб, Марказий Осиёдаги маҳаллий дипломатик тасодифий ўхшашлик туфайли глобал мемга айланган.
Ижодкор япон фойдаланувчилар Ўмуралиевни “Геру” (Исибанинг лақаби) билан атаган ва “касб ўзгариши”, “махфий ҳаёти” деб ҳам ҳазил қилишган. Шунингдек, улар “Қирғизистонда жаноб Исибаннинг иккинчи нусхаси”, “Гўштни яхши кўрадиган Исиба Қирғизистонда, балиқни яхши кўрадиган Исиба Японияда”, “Агар Исибадан токсинларни чиқариб ташласангиз Ўмуралиев чиқади”, дея қувноқ изоҳлар қолдирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Япония парламенти ҳукмрон коалициянинг муддатидан олдинги парламент сайловларидаги ишончли ғалабасидан сўнг Санаэ Такаичини Бош вазир лавозимига расман қайта сайлаганди.
Live
Барчаси