Гулноранинг суди тўхтатилди. У айбсизмиди?

Таҳлил

Швейцарияда қарийб йигирма йил муқаддам бошланган Гулнора Каримова устидан суд жараёни орадан бир кун ўтиб тўхтатилди. Шу йилнинг 27 апрель куни Беллинцона шаҳридаги Федерал жиноят судида Каримова устидан сиртдан суд жараёни бошланган ва у 22 майгача давом этиши кутилган эди. Бироқ, ҳозирда 53 ёшли Гулнора Каримова Ўзбекистондаги колонияда жазо муддатини ўтаётгани сабабли, Швейцария судида шахсан иштирок эта олмади. Шу сабабли, суд ушбу жиноятлар бўйича даъво муддати тугагунига қадар якуний қарор чиқаришнинг имкони йўқлигини маълум қилди. Каримованинг адвокати Грегуар Манжеанинг айтишича, бугунги қарор Швейцария қонунчилигига кўра, амалда оқлашга тенг ҳисобланади. Қисқача қилиб айтганда, Гулнора Каримова Ўзбекистонда 2028 йилнинг декабригача қамоқ жазосини ўташи белгиланган. Швейцария Бош прокуратураси томонидан илгари сурилган айбловлар бўйича даъво муддати ҳам айнан шу йили тугайди. Бу эса, унинг ушбу суд ишидан жазосиз чиқиб кетиш эҳтимолини оширади.

Каримованинг иши нима ҳақида?

Бу воқеа қарийб йигирма йил аввал бошланган. Марказда Ўзбекистоннинг Биринчи президентининг қизи Гулнора Каримова турибди. Швейцария Бош прокуратураси (OAG) даъвосига кўра, у Ўзбекистон бозорига кирмоқчи бўлган телекоммуникация компанияларидан пора ундириш билан шуғулланувчи “Идора” (The Office) деб номланган кенг тармоқли тармоқ тузганликда айбланмоқда. Ушбу тармоқ кўп йиллар давомида фаолият юритгани айтилади.

2012 йилда Швейцария Бош прокуратураси Каримова ва унинг бизнес шеригига нисбатан жиноий иш очган. Улар коррупция, жиноий ташкилотда иштирок этиш ва пул ювишда айбланмоқда.

2015 йилда Женевадаги Lombard Odier хусусий банкининг собиқ ходими тергов остига олинган. У 2008–2012 йиллар давомида “Идора”га алоқадор шахслар учун банк ҳисоблари очиш ва бошқариш орқали маблағларнинг келиб чиқишини яширишга ёрдам берганликда айбланмоқда.

Lombard Odier банкининг ўзи пул ювишда бевосита айбланмаяпти. Асосий масала – банк ўз ходимининг эҳтимолий жиноий ҳаракатларини олдини олиш учун барча зарур ташкилий чораларни кўрган-кўрмаганлигида. Бу “корпоратив жиноий жавобгарлик” тушунчасига киради. Шу асосда Швейцариядаги бир нечта банклар, жумладан, Banque Pictet & Cie, Credit Suisse ва Bank J. Safra Sarasin аввалроқ жазоланган. Банкнинг ўзи 2012 йилда бу ҳолат ҳақида пул ювиш бўйича ҳисобот бериш идорасига (MROS) хабар берган ва тергов билан тўлиқ ҳамкорлик қилган.

Нима учун иш бунчалик узоқ давом этмоқда?

Асосий фактлар мураккаб бўлгани каби, жараённинг бориши ҳам ғайритабиий бўлган. Айниқса, ишнинг давомийлиги ҳайратланарли: асосий воқеалар 2008 йилга бориб тақалади.

Швейцария жиноий адлия тарихида биринчи марта Федерал жиноят суди сўроқ ўтказиш учун хорижга сафар қилган.
Йиллар давомида ишнинг икки йўналиши турли прокурорлар томонидан алоҳида олиб борилган. Фақат 2025 йил май ойида – тергов бошланганидан ўн йилдан кўпроқ вақт ўтгач – Швейцария Федерал жиноят суди Бош прокуратуранинг позициясига зид равишда, икки ишни бирлаштиришга қарор қилган, чунки улар бир хил фактларга асосланган. Суд мажлиси жорий йилнинг 27 апрелига белгиланган.
Ўзбекистонда Каримовага нисбатан 2013 йилда ўзлаштириш ва солиқ тўлашдан бўйин товлаш бўйича иккита жиноят иши қўзғатилган. 2015 йилда биринчи иш бўйича унга беш йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган бўлса, 2017 йилда иккинчи иш бўйича 10 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Ўзбекистон Бош прокуратурасининг 2017 йилда берган маълумотларига таянадиган бўлсак, унда Каримовага 2013 йил 24 октябрда бир нечта МЧЖ фаолиятида солиқларни тўлашдан бўйин товлаш ҳолатлари бўйича жиноят иши қўзғатилгани, мазкур жиноят ишини тергов қилиш давомида Гулнора Каримова 2001-2012 йилларда Содиқов, 2013 йилнинг январь ойидан октябрь ойига қадар Мадумаров раҳбарлик қилган уюшган гуруҳнинг жиноий фаолиятига бевосита кўмаклашиб келганининг аниқлангани айтилади.

Ўша вақтда прокуратура Гулнора Каримова Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси (Товламачилик), 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 179-модда (Сохта тадбиркорлик), 184-модда (Солиқлар ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш), 227-модда (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш билан айбланганини айтган. Юқорида айтганимиздек, Каримова 2017 йилнинг декабрь ойида 10 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Ўшанда унга инсонпарварлик нуқтаи назаридан ҳамда маҳкума жиноий йўл билан орттирилган пул маблағларини қайтариш ва давлатга етказилган зарарни қоплаш мажбуриятларини ўз зиммасига олганини эътиборга олган ҳолда, Каримовага тайинланган жазо 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазосига алмаштирилганди.

Бу жазони ўташ жойи этиб, унинг ўз танловига кўра, қизи Имон Каримованинг яшаш жойи белгиланган. Шу билан бирга, маҳкума Гулнора Каримова зиммасига қонунчиликда назарда тутилган қатор чекловлар, шу жумладан, яшаш жойидан чиқиб кетмаслик, алоқа воситаларидан ва интернетдан фойдаланмаслик ҳамда зарарни қоплаш мажбурияти юклатилган.

Кейинчалик, Каримова жазони ўташ тартиби ва шартларини қасддан бузганлиги сабабли, жиноят-ижроия қонунчилигига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармаси ҳузуридаги Пробация хизматининг тақдимномасига асосан тайинланган жазонинг ўталмай қолган муддати озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан алмаштирилиб, умумий тартибли колонияда ўташи белгилангани айтилди ва у Зангиота туманида жойлашган 21-сонли жазони ўташ колониясига жойлаштирилган.

Олий суднинг 2020 йилда берган маълумотига кўра, Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида Гулнора Каримова ва у томонидан ташкил этилган жиноий уюшма аъзоларига нисбатан жиноят иши кўриб чиқилган ва судланувчи Гулнора Каримовани жиноий уюшма ташкил этиш, товламачилик, ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва бошқа жиноятларни содир этганликда айбли деб топган.

Суд ҳукми билан Гулнора Каримовага 13 йил 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган ва жиноят қонунчилиги нормаларига мувофиқ ҳамда бир неча жиноят ва ҳукмлар мажмуи бўйича жазо тайинланганлигини инобатга олган ҳолда жазо муддатини 2015 йил 21 августдан бошлаб ҳисоблаш белгиланган.

Гулнора Каримова отаси вафот этган 2016 йилда ҳам халқ назаридан четлаштирилган эди. У жаноза маросимларида қатнашгани, отасини сўнгги манзилга кузатганми ёки йўқ, буниси ҳамон номаълум. Расмий жаноза маросимларида Каримовлар оиласидан фақат Ислом Каримовнинг беваси Татьяна Каримова ва кенжа қизи Лола Каримова-Тилляева кўриниш берган. Гулнора Каримованинг ўғли Ислом эса, онаси ҳибсланганидан буён Лондонда қолмоқда. Қизи Имон Каримова эса, 2017 йил Оқсарой мажмуасида Ислом Каримов хотирасига бағишлаб ўтказилган хотира тадбирида ҳоласи Лола Каримова билан кўриниш берганидан бери оила номидан Тошкентда анчайин фаол. Оиланинг кенжаси Лола Каримова эса, Ўзбекистондаги барча фаолиятларидан воз кечиб, АҚШга кўчиб ўтган.

Гулнора Каримованинг ўғли Ислом Каримов бундан бир неча йиллар аввал берган интервьюсида онаси ва холаси ўртасидаги муносабатлар кўп йиллар аввал бузилганини айтиб, бунда бобоси ва бувисини айблаганди. Жумладан, Татьяна Каримованинг ҳам қизи Гулнора билан ораси бузилгани жамоатчиликка маълум эди. Аммо, сўнгги йилларда оиладаги барча ришталар тикланган. 8 июль куни Лола Каримова биринчи марта ижтимоий тармоқлар орқали опаси Гулнорани таваллуд куни билан табригини ифода этувчи пост жойлаштирди. Татьяна Каримова эса, бир неча бор Гулнора Каримова сақланаётган колонияга боргани маълум.

Гулнора Каримова оқландими?

27 апрель куни бошланган Швейцария Федерал жиноят суди Гулнора Каримовага нисбатан жиноий даромадларни легаллаштириш бўйича суд жараёнини тўхтатди. Бунга асосий сабаб – Каримова Ўзбекистондаги колонияда сақланаётганлиги туфайли судда иштирок эта олмаганлиги эди.

Қайд этилишича, суд ушбу жиноятлар бўйича даъво муддати тугагунга қадар бирор қарорга келиш мумкин эмаслигини маълум қилган. Бунгача, ҳар қандай айбловларни рад этган Каримова пора олишда ва 2005–2013 йиллар давомида Швейцариядаги ҳисоб рақамларига юзлаб миллион доллар маблағ йўналтирган “Офис” номли жиноий ташкилотга раҳбарлик қилишда айбланаётган эди.

“Швейцария Федерал жиноий суди томонидан мижозимиз Гулнора Каримова фойдасига чиқарилган бугунги қарор Швейцария қонунчилигига кўра, оқловга тенгдир. Суд жараённи давом эттириш учун доимий тўсиқ мавжуд деб ҳисоблади”, дейди унинг адвокати Грегуар Манжеа.

Бунда Каримованинг суд мажлисида қатнаша олмаслиги назарда тутилган.

Гулнора Каримова Ўзбекистонда 2028 йил декабригача қамоқ жазосини ўтамоқда. Швейцария Бош прокуратураси томонидан илгари сурилган айбловлар бўйича даъво муддати эса айнан ўша йили тугайди. Бу эса, Каримованинг ушбу суд ишидан амалда қутулиб қолиши мумкинлигини англатади.


Мақола муаллифи

Теглар

коррупция Имон Каримова Гулнора Каримова Ўзбекистон Суд Лола Каримова Швейцария Каримова иши Беллинцона Грегуар Манжеа Биринчи президенти жиноий ташкилот

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

5

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг