Судандаги шифохонага зарба берилди. 60 дан ортиқ одам ҳалок бўлди
Олам
−
22 Март 4730 2 дақиқа
Суданнинг жануби-ғарбидаги шифохонага уюштирилган ҳужум оқибатида 60 дан ортиқ киши қурбон бўлди. Бу ҳақда бугун, 22 март куни ЖССТ раҳбари Тедрос Адханом Гебрейесус ўзининг Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, ҳужумга учраган Ал-Дейн шифохонаси Судандаги тиббиёт муассасаларига қилинган биринчи ҳужум эмас. ЖССТ раҳбарининг хабар беришича, камида 64 киши ҳалок бўлган, улар орасида 13 нафар бола, икки ҳамшира, бир шифокор ва бир неча беморлар бор.
Ҳужум оқибатида 89 киши тан жароҳати олган (шундан саккиз нафари тиббиёт ходимлари). Шунингдек, шифохонанинг педиатрия, туғруқхона ва шошилинч ёрдам бўлимларига жиддий зарар етган.
“Ушбу фожиа оқибатида Судандаги уруш даврида тиббиёт муассасаларига қилинган ҳужумлар қурбонларининг умумий сони 2000 нафардан ошди. Деярли уч йиллик можаро давомида ЖССТ тиббиёт муассасаларига қилинган 213 та ҳужум оқибатида 2036 киши ҳалок бўлганини тасдиқлади”, дейди Гебрейесус.
ЖССТ раҳбарининг қўшимча қилишича, ҳозирда Ал-Дейн ўқув-шифохонаси етказилган кенг кўламли зарарлар туфайли ишламаяпти, бу эса ҳаётий муҳим тиббий хизматлар кўрсатишда кескин узилишларга олиб келган.
Суданнинг “Фавқулодда ҳуқуқшунослар” (Emergency Lawyers) ҳуқуқни муҳофаза қилиш гуруҳи хабар беришича, Ал-Дейн университети шифохонасига зарба мунтазам армия дрони томонидан берилган. ЖССТ ҳужум фактини тасдиқлаган, бироқ айбдор томонни очиқламаган.
Ал-Дейн ҳозирда Тезкор реакция кучлари назорати остида. Армия ушбу ҳарбийлаштирилган тузилмаларни мамлакат марказий ҳудудларидан Дарфурга сиқиб чиқаришга уринаётгани сабабли шаҳар мунтазам равишда ҳужумларга учрамоқда.
Дронлар ёрдамида зарба бериш Судандаги урушнинг ўзига хос хусусиятига айланган. БМТ аввалроқ можаро томонлари аҳоли зич яшайдиган ҳудудларда кучли дронлар ва портловчи қуроллардан тобора кўпроқ фойдаланаётганини маълум қилган. Ташкилот маълумотларига кўра, 2025 йил декабрь ойигача тиббиёт муассасаларига қилинган ҳужумлар оқибатида 1800 дан ортиқ киши, жумладан, 173 нафар тиббиёт ходими ҳалок бўлган.
Судандаги уруш аллақачон ўн минглаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлди ва 11 миллиондан ортиқ кишини ўз уйини тарк этишга мажбур қилди. БМТ баҳосига кўра, бутун мамлакат бўйлаб 33 миллиондан ортиқ киши гуманитар ёрдамга муҳтож.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жанубий Суданнинг шимолида тонг отмасдан бошланган ҳужум оқибатида камида 169 киши ҳалок бўлганди. Уларнинг 90 нафари болалар, аёллар ва қариялар эди. Қурбонлар орасида 79 нафар ҳудудий хавфсизлик кучлари ходимлари, шу жумладан полициячилар ҳам бўлган.
Live
Барчаси04 Апрель