Сурхондарёда “Альфа” номли жиноий гуруҳ аъзолари ушланди (видео)

3-саҳифа

image

Сурхондарё вилоятида Telegram’да “Альфа” номли гуруҳ очиб, ўзларини шу ном билан атаган жиноий гуруҳ аъзолари қўлга олинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.

Қайд этилишича, Telegram мессенжерида “Альфа” номли гуруҳ очиб, ўзларини шу ном билан атаган, Денов туманида яшовчи, спортнинг турли йўналишлари билан шуғулланиб келган, кўча ечимларига аралашган 6 нафар жиноий гуруҳ аъзоларининг ноқонуний фаолиятига чек қўйилган.

Жиноий гуруҳ етакчиси, 1998 йил Денов туманида туғилган Суннатулло Холмуродов ва унинг тенгдошлари бўлган гуруҳ аъзолари – Элбек Каримов, Аслиддин Ибодов (муқаддам Жиноят кодексининг 277-моддаси (Безорилик) билан судланган), Азамат Давлатов, Жавоҳир Жўраев, ҳамда 1989 йил Денов туманида туғилган Баҳриддин Жумаевлар жорий йилнинг 6 январь куни соат 20:50 ларда ўзаро бир гуруҳга бирлашган. Улар Škoda ва Kia автомашиналари ўртасида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисасида ўзларининг танишлари Škoda автомашинасини бошқаргани сабабли унинг соғлиғидан хабар олиш ҳамда у билан тўқнашган Kia автомашинасини бошқарган шахсга жисмоний босим ўтказиш мақсадида Денов тумани тез тиббий ёрдам бўлимига борган. Шундан сўнг у ерда сабабсиз жанжал кўтарган ва шу сабабли муассаса маъмурияти томонидан улардан муассаса ҳудудида тартибни сақлаш талаб қилинган.   

Огоҳлантириш ишлари олиб борилишига қарамай, гуруҳ томонидан фаол қаршилик кўрсатилган. Жамоат тартибини қасддан менсимасдан шифохонада бўлган беморлар ва шифокорларнинг тинчлигини бузиб, шов-шув кўтариб, шу манзилда фаолият юритаётган шифокор ва жабрланувчининг юз қисмига қасддан урган ва қорин қисмига тепиб, тан жароҳати етказган.

Гумонланувчилар Суннатулло Холмуродов, Элбек Каримов, Баҳроддин Жумаев, Азамат Давлатов ва Жавоҳир Жўраевлар ушланиб, уларга нисбатан “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 277-моддаси (Безорилик) 3-қисми “г” банди билан жиноият иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Ушбу жиноий гуруҳ ҳаракатидан азият кўрганлардан ички ишлар органларига ёки 102 қисқа рақамига қўнғироқ қилиш сўралади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилоятида қимматбаҳо металларнинг ноқонуний савдоси билан шуғулланган жиноий гуруҳ аъзолари қўлга олинганди.  


Мақола муаллифи

Теглар

жиноий гуруҳ Альфа

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг