Андижонда “Шайтон” ва унинг шериклари ушланди (видео)
3-саҳифа
−
16 Январь 44985 3 дақиқа
Андижон вилоятида одамларни қурол билан қўрқитиб, катта миқдорда пул ундирган “Шайтон” лақабли шахс ва унинг шериклари қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси хабар берди.
Қайд этилишича, Ички ишлар вазирлиги тезкор қидирув департаменти ва унинг ҳудудий бўлимлари ходимлари, шунингдек, Давлат хавфсизлик хизмати билан ҳамкорликда Андижон вилоятида фуқароларга қурол ва тиғли жисмлар билан таҳдид қилиб, жиноий ҳаракатлар содир этиб келаётган уюшган гуруҳ қўлга олинган.
Хусусан, мазкур жиноий гуруҳ аъзолари орасида муқаддам Жиноят кодексининг 104-(Қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 164-(Босқинчилик) 277-(Безорилик) ҳамда 127-( Вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилиш) моддалари билан судланган “Ҳожи” лақабли 1995 йилда Андижон шаҳрида туғилган Алимов Минҳожиддин Абдумажид ўғли, “Муфтий” лақабли 1995 йилда туғилган Шокиров Абдумалик Муҳаммад Собир ўғли, “Шайтон” лақабли Жўрабеков Жавоҳир Отабек ўғли ва Йўлдошев Жавлонбек Турсунбой ўғли бор.
Улар биргаликда жиноий тил бириктириб, гуруҳ бўлиб криптоактивлар айирбошлаш билан шуғулланиб юрган шахсни обдан кузатиб юрган. Сўнгра унга қўнғироқ қилиб, мижоз эканликларини билдирган ва Андижон шаҳридаги супермаркетлардан бирининг олдига чақирган. Уни Damas русумли автомашинага миндириб, ўзларини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходими деб таништирган. Жабрланувчини криптоактивларнинг ноқонуний муомаласи билан шуғулланиб юрганидан хабардор эканликлари, агар бирга ишловчи танишидан тегишли криптоҳамён ҳисоб рақамига 150 минг АҚШ доллар ўтказиб бермаса, жиноий жавобгарликка тортилишини айтиб, қўрқитган. Қурол ва ўткир тиғли жисмлар билан жабрланувчини ўз мулкини беришга мажбур қилган ҳолда қийноққа солган.
Шундан сўнг, жами 100 минг АҚШ доллар миқдордаги криптовалютани товламачилик йўли билан ўзларига тегишли криптоҳамёнга ўтказишга эришган. Мазкур ҳолат юзасидан жиноий гуруҳга нисбатан Жиноят кодексининг 165-моддаси (Товламачилик) 3-қисми “а” банди ва 176-моддаси (Қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) учинчи қисми “а” бандлари билан жиноят иши қўзғатилган.
Улар томонидан содир этилган ноқонуний хатти-ҳаракатларни аниқлаш мақсадида олиб борилган тезкор қидирув ва суриштирув ишлари натижасида гуруҳ аъзоси бўлган 2000 йилда Андижон шаҳрида туғилган Юсуфжонов Омадбек Юнусжон ўғли (муқаддам жиноят кодексининг 168-(Фирибгарлик), 166-(Талончилик), 165-(Товламачилик), 164-моддалар (Босқинчилик) билан содланган) ҳам аниқланган. У аёл кишига куч ишлатиш йўли билан танасининг турли жойларига тан жароҳат етказиб, унга тегишли бўлган iPhone 16 Pro Max русумли телефон аппаратини тортиб олгани ва ўзининг шахсий эҳтиёжлари учун 10 миллион сўм миқдорда пул маблағларини талаб қилгани маълум бўлган.
Мазкур ҳолат юзасидан гумонланувчига нисбатан Жиноят кодексининг 166-моддаси -(Талончилик) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Маълум бўлишича, ушбу гуруҳ кўчада оддий фуқароларга ҳам зўравонлик кўрсатиб келган. Гуруҳ аъзолари чет эл давлатларида ҳам бир нечта жиноятлар содир этиб, инсонлар ҳаёти ва соғлиғи жиддий зарар етказгани аниқланган.
Ушбу жиноий гуруҳнинг ҳаракатларидан азият кўрганлардан ички ишлар органларига ёки 102 қисқа рақамига қўл қўнғироқ қилиш сўралади. Шахс сир сақланиши кафолатланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда таксичилик билан шуғулланган шахслардан 810 доллар миқдорида ойлик тўлов ундирган жиноий гуруҳ аъзолари ушланганди.
Live
Барчаси