Тан олинмаган ШКТРга янги президент сайланди
Олам
−
20 Октябрь 5426 3 дақиқа
Тан олинмаган Шимолий Кипр Турк Республикасида (ШКТР) президентлик сайловларининг биринчи турида Республикачилар партияси етакчиси Туфан Эрҳурман ғалаба қозонди. Бу ҳақда республика Марказий сайлов комиссияси раиси Бертан Озердағ хабар берди.
Маълум қилинишича, Эрҳурман сайловчиларнинг 62,76 фоиз овозини тўплаган. Мустақил номзод ва амалдаги давлат раҳбари Эрсин Татар 35,81 фоиз овоз олган.
Сайловларда иштирок этиш даражаси 64,87 фоизни ташкил этган.
ШКТРда овоз бериш кеча, 19 октябрь куни маҳаллий вақт билан соат 8:00 да бошланган ва 18:00 да якунланган. Мазкур президентлик сайлови республика тарихидаги тўққизинчи сайлов бўлди.
Ўз навбатида, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған сайловда ғалабани илиб кетгани билан Туфан Эрҳурманни табриклаган.
“Бугун бўлиб ўтган сайловлар расмий бўлмаган натижаларига кўра, президент этиб сайланган Туфан Эрҳурманни табриклайман. Ушбу сайловлар мамлакатнинг демократик баркамоллигини ва Кипрдаги турк қардошларимизнинг иродасини яна бир бор намоён этди. Туркия бундан кейин ҳам ШКТРнинг суверен ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишда давом этади”, дея ўзининг Х саҳифасида пост қолдирган Эрдўған.
Эрҳурман сайланганидан сўнг, Шимолий Кипр Турк Республикасининг ташқи сиёсати Анқара билан маслаҳатлар асосида шакллантирилишини таъкидлаган.
ШКТРда рўйхатдан ўтган сайловчиларнинг умумий сони 218 313 кишини ташкил этади. 777 та сайлов участкаси очилган.
Сайловда ғалаба қозониш учун номзод сайловчиларнинг мутлақ кўпчилик овозини – яъни 50 фоиздан ортиғини қўлга киритиши лозим. Агар биринчи турда ҳеч бир номзод зарур овоз миқдорини тўплай олмаса, натижаларга кўра энг юқори овоз олган икки номзод иккинчи турга чиқади, у эса бир ҳафтадан кейин ўтказилади.
Иккинчи турда энг кўп овоз олган номзод президентлик курсисини эгаллаш ҳуқуқига эга бўлади.
Маълумот учун, Туфан Эрҳурман Никосияд 1970 йилда туғилган. У 1992 йилда Анқара университетининг юридик факультетини тамомлаган ва шу олийгоҳнинг маъмурий ҳуқуқ кафедрасида илмий ходим сифатида фаолият юритган. У 2018 йилда шакллантирилган ШКТР ҳукуматида Бош вазир лавозимини эгаллаган.
1974 йилда Грецияда юз берган ҳарбий тўнтариш ортидан Туркиянинг оролга ҳарбий аралашуви оқибатида Кипр можароси бошланди. Шундан бери Кипр ороли шимолий (турклар яшайдиган) ва жанубий (юнонлар яшайдиган) қисмларга бўлинган. 1983 йилда Шимолий Кипр Турк Республикаси (ШКТР) мустақиллигини эълон қилди, бироқ у фақат Туркия томонидан тан олинган.
Туркия Кипр масаласида “икки давлатли ечим”ни доимо қўллаб-қувватлайди, яъни Шимолий ва Жанубий Кипр алоҳида, тенг ҳуқуқли давлатлар сифатида тан олиниши керак, деб ҳисоблайди. БМТ ва Европа Иттифоқи эса, аксинча, Кипрда ягона федерал тузум асосида бирлашган давлат барпо этиш тарафдори.
Live
Барчаси