“Танлов қилишлари шарт”. Ароқчи АҚШга ультиматум қўйди
Олам
−
12:30 8971 2 дақиқа
Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи АҚШ Исроил билан ҳамкорлик борасида якуний тўхтамга келиши кераклигини маълум қилди. Бу ҳақда у бугун, 9 апрель куни ўзининг X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида ёзди.
Ароқчининг сўзларига кўра, АҚШ Яқин Шарқда ўт очишни тўхтатиш ёки Исроил воситасида ҳарбий можарони давом эттиришдан бирини танлаши керак.
“Эрон ва АҚШ ўртасидаги ўт очишни тўхтатиш келишуви шартлари аниқ ва тушунарли: АҚШ танлов қилиши керак – ўт очишни тўхтатиш ёки Исроил орқали урушни давом эттириш. Улар ҳар иккисига бир вақтда эриша олмайдилар”, деб ёзди Ароқчи.
Шунингдек, унинг билдиришича, дунё Ливандаги оммавий қотилликларни кузатиб турибди. Энди тўп АҚШ томонида ва дунё ушбу мамлакат ўз мажбуриятларини бажаришини кузатмоқда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 7 апрель куни АҚШ Президенти Дональд Трамп Ҳормуз бўғозини тўлиқ ва зудлик билан очиш эвазига Эронга бериладиган зарбалар икки ҳафтага тўхтатилишини эълон қилган эди. Исроил АҚШни қўллаб-қувватлади, бироқ расмийлар ўт очишни тўхтатиш режими Ливанга тааллуқли эмаслигини қайд этди. Ўша куни Исроил мудофаа армияси (ЦАХАЛ) ҳарбий операция бошланганидан бери Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” инфратузилмасига қарши энг йирик ҳужум якунланганини маълум қилди. Қўшма Штатлар ҳам Ливан ўт очишни тўхтатиш келишувига кирмаслигини билдирди. Ливанга қилинган ҳужумлардан сўнг Эрон Ҳормуз бўғозини қайтадан ёпиб қўйди.
Live
Барчаси