Террор, наркотик, коррупция: Ўзбекистон учун хатарлар очиқ айтилди

Таҳлил

Ўзбекистонга қарши террорчилик таҳдиди ҳали ҳам жиддий хавф сифатида турибди. Бу менинг гапим эмас. Жиддийроқ тингланг! Бу ҳақида Давлат хавфсизлик хизмати раиси генерал-полковник Баҳодир Қурбонов маълум қилди. 

Жорий йилнинг 13 январь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган Хавфсизлик кенгашининг мамлакат ҳарбий хавфсизлиги ва мудофаасини мустаҳкамлаш масалалари бўйича кенгайтирилган йиғилишида сўз олган Давлатимиз хавфсизлигига асосий жавобгар бўлган мулозим минтақада ҳозиргача қўпорувчилик қилишга интилаётганлар борлигини маълум қилди.

“Жаҳонда ҳарбий-сиёсий ва иқтисодий зиддиятлар кучайиши фонида минтақамиз, шу жумладан, Ўзбекистонда ҳам террорчилик хуружлари асосий таҳдид бўлиб қолмоқда. Ўчоқли ҳудудлардаги террорчилик ташкилотларининг республикамизга нисбатан қўпорувчилик интилишлари сақланиб қолмоқда”, дейди генерал. 

Бугун интернет “яланғоч”ланди. Ҳар томонлама. Биргина сўзни ёзиб қидирув бериш етарли. Уятли-ю мазмунли, қонуний-у тақиқланган, фойдали-ю хатарли маълумотлар келиб чиқаверади. Исботга мисоллар келтириш шарт эмас. 

Давлат хавфсизлик хизмати раисининг ҳам қайд этишича, диний-экстремистик оқимлар вакиллари томонидан интернет орқали радикал ғояларни тарғиб қилиш, ёшлар, айниқса, хориждаги мигрантларни ўз сафига ёнлаш камаймаяпти. 

“Ўтган йили Ўзбекистонда ва хорижда амалга оширилиши режалаштирилган 11 та терактнинг олди олинди. Уларга алоқадор 11 нафар Марказий Осиёлик шахснинг деструктив фаолиятига чек қўйилди”,  дейди Қурбонов. 

Унинг алоҳида урғулашича, бугун фуқаролар асосий вақтини ўтказаётган, кундалик фойдаланиш эҳтиёж даражасига етган виртуал макон, айниқса, ижтимоий тармоқлар аҳоли орасида бузғунчи ғояларни тарқатиш жуда осон ва асосий манбага айланиб, диний вазиятга салбий таъсир кўрсатмоқда. 

Хавфсизлик мулозими диний радикаллашувга олиб келаётган омилларга чек қўйишга қаратилган ҳуқуқий ва ташкилий асослар такоммиллаштирилгани, хусусан вояга етмаганларга ҳужра шароитида ноқонуний диний сабоқ берганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланганини айтди.

“Диний радикаллашувга олиб келаётган омилларга чек қўйишга қаратилган ҳуқуқий ва ташкилий асослар такомиллаштирилди. Хусусан, вояга етмаганларга ҳужра шароитида ноқонуний диний сабоқ берганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланди. Шу билан бирга хориждаги меҳнат мигрантларимизни радикал ғоялардан асраш мақсадида янги тажриба доирасида имом-хатибларнинг улар билан мунтазам мулоқоти йўлга қўйилди. Хусусан, ўтган йил давомида 29 нафар тажрибали ва иқтидорли имом-хатиб меҳнат мигрантларимиз кўп бўлган хорижий давлатларга хизмат сафарига юборилди. Жумладан, АҚШ, Жанубий Корея ва Россияда ўтказилган тадбирлар доирасида 50 мингдан ортиқ фуқароларимиз қамраб олинди.”, деди ДХХ раиси.

Бугун давлат чегараси орқали трансчегаравий таҳдидлар ва наркотрафик, қурол-яроғ, товар-моддий бойликларнинг ноқонуний олиб ўтилиши ўз долзарблигини йўқотмаяпти. Шу сабаб, Ўзбекистон чегаралари “энг яхши”, дея тарифланувчилардан бири — Туркияда ишлаб чиқарилган "Байрактар" дронлари билан кузатиб борилмоқда.

Ўзбекистон чегаралари “Байрактар” дрони билан қўриқланяпти

Баҳодир Қурбонов давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилиш тизими анчайин замонавийлашганини англатувчи рақамларни ҳам очиқлади. Берилган маълумотга кўра, Давлат чегарасининг 42 фоизи видеокузатув тизими билан жиҳозланган. 1117 км оптик толали алоқа линияси тортилган. Чегара қўшинлари автозирҳли техникалар билан 18 фоизга, сузиш воситалари билан 86 фоизга, қурол-аслаҳа ва ўқ дорилари билан 100 фоизга, электрон оптик воситалар билан 78 фоизга бутланган. 

Айтилган атамаларнинг барчаси нима эканини билмассиз эҳтимол, аммо фоиз кўрсаткичлари юқорилигининг ўзи сизда хотиржамлик ҳиссини пайдо қилгандир. 

“Бўлинмалар замонавий учувчисиз аппаратлар билан таъминланди. "Байрактар" учувчисиз учиш аппарати билан бутланган янги махсус бўлинманинг жанговар навбатчилиги йўлга қўйилди. Жанговар тайёргарлик тадбирлари интенсивлиги ва сифат кўрсаткичлари оширилди”,  дейди генерал.

Байрактар дрони

“Байрактар дрони” номини дунёдаги урушли вазиятлар ҳақидаги хабарлар орасида ҳеч бўлмаса бир маротаба эшитганингиз аниқ.  Нега у ҳадеб тилга олинишини соддароқ тушунтирамиз.   “Байрактар ТБ2” – бу узоқ парвоз қила оладиган ҳужумкор разведкачи дрондир. Унинг максимал тезлиги 222 км/соат, тасаввур қиляпсизми? Қанотлари кенглиги 12 м, қурилма ҳавода 24 соатгача туриши мумкин, дрон 8 километр 200 метр баландликкача кўтарила олади ва бу бундай турдаги қурилмалар орасида энг яхши натижалардан бири. Яъни, у ишончли ҳимоя ва ҳужум қуроли бўла олади.

Ўзбекистон Туркияда ишлаб чиқарилган "Байрактар" дронига қачон харидор бўлгани ва қанча дрон сотиб олингани ҳақида расмий ахборот берилмаган. Мамлакатда Туркиянинг учувчисиз учиш аппарати борлиги Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев 2023 йил 16 ноябрь куни Сурхондарё вилоятидаги ҳарбий қисмга ташрифи чоғида эълон қилинган суратда маълум бўлган. 

Ўзбекистон нафақат Туркиянинг "Байрактар" дронларидан фойдаланмоқда, балки яқин келажакда Туркиядан "АНКА" дронларини сотиб олиши кутиляпти. Қолаверса, маҳаллий "Лочин" бренди остидаги дронларни ҳам ишлаб чиқармоқда. 

Ўзбекистондаги аэропортларни “Лочин”лар қўриқлайди

Энди эса айнан шу номдаги бригада фаолиятига тўхталамиз. 2026 йилдан бошлаб Ўзбекистондаги барча аэропортларни қўриқлаш ва хавфсизлигини таъминлаш Давлат хавфсизлик хизматига ўтади. Бу бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2024 йилда қарор қабул қилинган. Унинг ижроси ўлароқ “Лочин” бригадаси қайтадан ташкил этилди. 

“Қисқа вақт давомида ушбу бригада тизимида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Унинг жанговар шайлиги ва тайёргарлиги тубдан қайта кўриб чиқилди. Жумладан, брагаданинг қурол-аслаҳалари тўлиқ янгиланди. 100 га яқин техникалар алмаштирилди. Жанговар хизмат фаолиятини бошқариш ва назорат қилиш тўлиқ рақамлаштирилди. Бир вақтнинг ўзида 700 нафар ҳарбий хизматчи билан машғулотлар олиб бориш имконини берувчи жанговар тайёргарлик ўқув хоналари ва мажмуалари барпо этилди. Ҳудудларда бригаданинг 5 та маъмурий объекти янгидан барпо этилди”, дейди генерал.

Қурбоновга кўра, “Тошкент” ва “Тошкент Ҳумо” аэропортларини қўриқлаш бўйича назорат-патруль гуруҳлари асосида янги тизим жорий этилган. 2026 йилда ушбу самарали амалиёт республиканинг барча аэропортларида қўлланилиши режалаштирилмоқда. 

Унинг маълум қилишича, бригада бўлинмаларини енгил зирҳли автомобиллар, квадроцикллар ва замонавий тунги кўриш мосламалари билан таъминлаш бўйича ишлар давом эттирилади.

ДХХ раиси наркожиноятлар сонини яширмади: 2 бараварга ортган

Қилинган ишлар кўп. Назорат кучайтирилган. Ҳимоя тизимлари замонавийлаштирилди. Бироқ жиноят содир этувчи томон ҳам бундай масалаларда ортда қолмаётгандек. Чунки, ДХХ раиси наркожиноятлар сони икки бараварга ортганини маълум қилди. 

2025 йилда Ўзбекистонда ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан 3,6 тонна гиёҳванд моддалар аниқланиб, савдосига чек қўйилган. Бу рақамлар 2024 – 2025 йиллар оралиғидаги мамлакатда гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жиноятлар икки карра ошганини кўрсатади.

2024 йилда 1700 кг гиёҳвандлик воситаси аниқланиб, ноқонуний муомаладан олинган бўлса, 2025 йилда бу кўрсаткич 3 тонна 600 кг ни ташкил этган, яъни тенгга тенг ошган. 

Қўлга олинган жиноятчилар сони эса 2600 дан 4500 нафарга етган. Фаолиятига чек қўйилган яширин нарколабораториялар 8 тадан 15 тага ортган. 
Қурбонов сўзида давом этаркан, ёшлар орасида синтетик гиёҳванд воситаларини истеъмол қилиш билан боғлиқ рақамларни ҳам яширмади. 
Унинг айтишича, 2025 йилдан 180 кг дан зиёд синтетик воситалар ва 1 миллион донадан ортиқ психотроп моддалар қўлга олинган. 

“Синтетик воситалар вояга етмаганлар, айниқса, 14-25 ёшдагилар орасида оммалашмоқда. Хавотирлиси, организмда унга нисбатан қарамлик истеъмолдан сўнг қисқа муддатда вужудга келади”, – дейди ДХХ раиси. 

Хумор билан боғлиқ бу иллат бир шахс ҳаётинининг тизгинини издан чиқариши ҳақида гапирган генерал-полковник Баҳодир Қурбонов, яна бир “яна, яна, яна” , дейишга мажбур қиладиган қарамлик — коррупцияга қарши кураш ҳақида ҳам маълумот берди.

ДХХ раиси коррупцияни йўқотиш масаласида Президентга ваъда берди

Унинг айтишича, 2025 йилда Ўзбекистонда давлат идораларининг 1083 нафар ходими коррупцияда айбланиб, лавозимидан озод этилди, улардан 661 нафари жиноий жавобгарликка тортилди. 

“Коррупция таҳдидини бартараф этиш йўналишида назорат ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳамда бошқа давлат тузилмаларида мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, порахўрлик, таъмагирлик қилиш ва бошқа турдаги коррупцион жиноятларига қўл уриш ҳолатлари ҳамон сақланиб қолмоқда. Ўтган йилда давлат идораларининг коррупция ва бошқа жиноятларга алоқадор бўлган 1083 нафар ходимлари тизимдан четлатилди. 661 таси жиноий жавобгарликка тортилиб судланди”, – дейди генерал-полковник Қурбонов.  

Унинг қайд этишича, давлат идоралари, ташкилотлари ва муассасаларида маиший коррупция ҳолатлари ҳамон давом этмоқда. Бунга асосан коррупцион хавф-хатарлар мавжуд бўлган муносабатларда инсон омили юқорилиги ва рақамлаштириш кенг жорий этилмаганлиги салбий таъсир кўрсатмоқда. 

ДХХ раиси 2026 йилда асосий эътиборни коррупцион хавф-хатарлар мавжуд функция ва муносабатларни рақамлаштиришга, ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этишга, аҳолининг ҳуқуқий онгини ошириш ва уларда коррупцияга тоқатсиз муносабатни шакллантиришга оид амалий ва тарғибот тадбирларини ташкил этишга қаратишга ваъда берди. 

Тан олиш керак, коррупцияга қаршилар кўп, аммо ноқонуний олди-бердилар майда ҳолатларгача кириб борган жамиятда яшаяпмиз. Ҳарҳолда доктор кўригига бориб, унинг чўнтагига бир-икки сўм солиб қўймасликни уят деб биладиган беморлар, қоида бузгани учун жарима тўлашдан қутулиш мақсадида ЙПХ ходимига ҳужжат орасида 3-4 сўм узатишни ишбилармонлик деб ҳисоблайдиган инсонни кўрган бўлсангиз керак! Катта рақамлар иштирок этган вазиятлар ҳақида гапириб ўтирмаймиз.

Шу каби инсонлар онгида одатийлашган жиноятлар сабаб 2025 йил бошида эълон қилинган “Коррупцияни қабул қилиш индекси” натижаларига кўра, Ўзбекистон 2024 йил якунлари бўйича ўз позициясини ўзгартирмаган ҳолда, 180 давлат ичида 121-ўринни эгаллаган. 

ДХХ раиси мана шу коррупцияга оид жиноятларни ўзи раҳбарлик қиладиган Футбол соҳасида ҳам йўқ қилиш устида ишланаётганини айтди. Футбол миллионлар ўйини. Қамрови кенг. Айнан шунинг учун ҳам унда хавфсизлик масаласи муҳим. Шу боис 2019 йилдан буён Ўзбекистонда ДХХ раиси бир вақтнинг ўзида ЎФА президенти лавозимини эгаллаб келади. 

“Футбол соҳасини рақамлаштириш доирасида миллий футбол электрон платформаси ишлаб чиқилди. Футбол академиялари, мактаблар ва секцияларда ўтказилаётган машғулотларни онлайн назорат қилиш тизими йўлга қўйилди. Шунингдек, келишилган ўйинларни олдини олиш ва шаффофликни таъминлаш мақсадида мухлисларга ҳакамлар фаолияти ҳамда қарорлари натижаларини кузатиб бориш имконияти яратилди”, деди ДХХ раиси.

Ўзбекистон мудофааси қандай қуроллардан фойдаланяпти?

Ўзбекистон армиясида ер остидан жангни бошқарувчи командирлар борлиги ҳақида биласизми? “Ер остидан” сўзи сизда ҳам қизиқиш уйғотгани аниқ. Бу ҳақида Давлат раҳбари раисилик қилган йиғилишда ҳисобот бериш учун сўз олган мудофаа вазири маълумот берди. Генерал-майор Шуҳрат Холмуҳаммедов мудофаа тизимининг замонавий қурол ва ҳарбий техникалари ҳамда янги ўзлаштирилган жанговар усуллар ҳақида ҳам гапирди.

“Ўқув йилида асосий эътибор қўшинлар жанговар шайлигини ошириш, бўлинмаларнинг янги тактик усулларни ўзлаштириш ҳамда умумий тайёргарликка қаратилди. Жанговар низом ва ўқув дастурларига 14 та янги тактик усуллар киритилиб, амалиётга тадбиқ этилди. Қўшинларда 25 мингга яқин тадбирлар ўтказилди. Комплекс ўқув- машқлар, амалий отиш ва жанговар техникаларни бошқариш бир ярим баробарга кўпайиб, интенсивлик оширилди. Уларнинг 50 фоизи тунда бажарилмоқда. Жанговар тайёргарликда биринчи навбатда командирларни ерости позициясидан жангни бошқариш, бўлинмаларни дрон, авиация ва артилерия зарбасидан ҳимояланиш ҳамда тезкор вазифаларни бажариш кўникмаларини оширишга қаратилди. Учувучисиз комплекслар мутахассисларини тайёрлаш маркази ташкил этилиб, 340 нафар мутахассислар ўқитилди ва синовлардан ўтказилди”, дейди вазир.

Шунингдек, генерал-майор Шуҳрат Холмуҳаммедов Ўзбекистон армияси мудофаа учун айнан қайси турдаги қуроллардан фойдаланилаётганини ҳам очиқлади.

“Қулқудуқ полигонида ҳаво ҳужумидан мудофаа бўлмалари мамлакат ҳаво сарҳадларини ҳимоя қилиш бўйича сиз олиб берган КС1, ФД-2000, Печора, ҚВИ-1, ФМ-90 Зенит комплексларидан биринчи маротаба тунда ва қийин об-ҳаво шароитида бир нишон, бир ракета тамойилида жанговар отишлар ўтказилиб, эшалонлаштирилган ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини яратишга эришилди. Каттақўрғон полигонида илк маротаба модернизация қилинган Су-25 самолётидан 4000 метр баландликда Лизард-3 бошқариладиган ва ФАП-250 авиабомбалар билан шартли душманнинг қўмондонлик пункти ва зирхли техникалар колоннаси яксон этилди”, деди генерал-майор Шуҳрат Холмуҳаммедов

Мазкур йиғилишнинг умумий мазмуни шуни кўрсатадики, Ўзбекистон бугун хавфсизликни фақат қурол билан эмас, онг, технология ва тизим орқали таъминлашга уринмоқда. Терроризм энди фақатгина портлашлар билан эмас, оддий  пост, видео ва ғоялар билан ҳам таҳдид қиляпти. Чегара хавфсизлиги учун энди симлар тортилиши етарли эмас. Замонавий технология, камера орқали кузатув ва дронлар марказга чиқмоқда. Жиноятлар кўлами “яширилиши керак бўлган сир” сифатида сақланмаяпти, рақамлар билан очиқ тан олинмоқда. Энг муҳим хулоса эса шуки, Давлат хавфсизлиги — фақат куч ишлатар тизимлар мажбурияти эмас, балки жамият онгининг ҳолати билан бевосита боғлиқ. Агар ёш онглар радикализм ва наркотикдан, жамият эса коррупциядан холи бўлмаса, энг замонавий дрон ва қуроллар ҳам, энг кучли қонун ҳам якка ҳолда етарли бўлмайди. Шу сабаб юқоридаги ҳисоботларни, бажарилган ишларни кўрсатиш эмас, балки очиқ огоҳлантириш сифатида қабул қилиш керак! Хавф бор, чоралар кўрилмоқда, аммо масъулият фақат давлат эмас, жамият — сиз ва бизнинг ҳам зиммамизда!

Нурзодбек Воҳидов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

коррупция Ўзбекистон Террор наркотик аэропортлар наркожиноятлар “Байрактар” “Лочин” ДХХ раиси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг