TikTok блокдан чиқарилиши мумкин
Олам
−
17 Июнь 1703 2 дақиқа
Қирғизистон Давлат солиқ хизмати раҳбари Алмамбет Шикмаматов Қирғизистонда TikTok’ни блокдан чиқариш тарафдори эканини маълум қилди ва рақамли платформаларда маҳаллий муаллифларнинг даромад топиши учун шароит яратиш зарур деб ҳисоблашини билдирди. Бу ҳақда у бугун, 17 июнь куни журналистлар ва блогерлар билан креатив индустрия вакилларини солиқлардан озод қилишни назарда тутувчи солиқ ислоҳоти муҳокамасидан сўнг айтиб ўтди.
Шикмаматовнинг сўзларига кўра, бугунги кунда TikTok’ни тақиқлаш кутилган самарани бермаяпти, чунки фойдаланувчилар VPN хизматлари орқали платформадан фойдаланишда давом этмоқда.
“Одамлар барибир TikTok’ни VPN орқали томоша қилишяпти. Бундан қочиб қутулиб бўлмайди. Мен TikTok’ни очиш керак деб ҳисоблайман. Агар ушбу масала бўйича овоз бериш ўтказилганда, мен очиш учун овоз берган бўлардим”, дейди Давлат солиқ хизмати раҳбари.
У замонавий рақамли платформалар иқтисодиётнинг муҳим қисмига ва давлат ёрдамисиз мустақил равишда контент яратиб, даромад топаётган ёшлар учун тирикчилик манбаига айланганини таъкидлаган.
Бундан ташқари, Шикмаматов расмийлар қирғизистонлик фойдаланувчилар учун YouTube монетизациясини тўлиқ ишга тушириш имкониятларини муҳокама қилаётганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, бу масала Креатив индустриялар парки вакили Дониёр Омоналиев билан аллақачон кўтарилган.
Солиқ хизмати раҳбари монетизацияни улаш учун Google компанияси билан фаолроқ ҳамкорлик қилиш ва Қирғизистонни халқаро даражада тарғиб этиш зарур деб ҳисоблайди.
“Бугунги кунда кўплаб қирғизистонликлар сифатли контент яратмоқдалар, бироқ YouTube’да тўлиқ даромад топа олмаяптилар. Биз монетизация Қирғизистон учун ҳам очилиши устида ишлашимиз керак”, дея қайд этган у.
Шикмаматовнинг фикрича, блогерлик, креатив индустрия ва рақамли контентнинг ривожланиши келажакда мамлакат иқтисодиёти учун янги даромад манбаларидан бирига айланиши ва солиқ тушумларини ошириши мумкин.
Маълумот учун, Қирғизистонда TikTok ижтимоий тармоғига кириш 2024 йилнинг апрель ойида блокланган. Рақамли ривожланиш вазирлиги тузилмалари Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси мурожаати асосида интернет-провайдерларга тегишли талабни юборган. Бу қарор болаларни уларнинг жисмоний, интеллектуал, руҳий, маънавий ва ахлоқий ривожланишига зарар етказиши мумкин бўлган контентдан ҳимоя қилиш зарурати билан изоҳланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров иқтисодиётнинг бир қатор соҳалари учун енгилликларни назарда тутувчи Солиқ тизими ва солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги фармонни имзолагани ҳақида хабар берилган эди. Унга кўра, блогерлар 5 йилга солиқлардан озод қилинди.
Live
Барчаси