“Толибон” хитойликларга ҳужум қилган 2 кишини ҳибсга олди
Олам
−
02 Декабрь 4755 1 дақиқа
Тожикистон-Афғонистон чегарасида Хитой фуқароларига қаратилган ҳужум бўйича олиб борилган суриштирувлар натижасида “Толибон” икки гумондорни ҳибсга олганини маълум қилди.
“Толибон” хавфсизлик департаменти вакили Эҳсонуллоҳ Комгорнинг маълум қилишича, ҳибсга олиш ишлари 1 декабрь куни Маймаи туманида амалга оширилган. Бироқ, ҳибсга олинганларнинг шахси ошкор қилинмаган.
Воқеа 30 ноябрь кечаси Тожикистоннинг Дарвоз туманидаги Шодаки қишлоғида, хитойлик йўл қурилиши ишчиларига қарши уюштирилган ҳужум билан бошланган. Оқибатда икки хитойлик фуқаро ҳалок бўлди, яна икки киши жароҳат олган.
Ҳодисадан сўнг, Душанбедаги Хитой элчихонаси Тожикистон расмийларидан чегара ҳудудларида ишлаётган Хитой компаниялари ва ходимларини ҳимоя қилиш учун барча зарур чораларни кўришни талаб қилди.
Расмий маълумотларга кўра, сўнгги ҳафталарда Афғонистондан содир бўлган ҳужумлар оқибатида Хитой фуқароларининг жами беш нафари ҳалок бўлиб, яна беш киши яраланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ мазкур ҳолат юзасидан, 1 декабрь куни Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон хавфсизлик кучлари билан йиғилиш ўтказиб, ҳужумларни қаттиқ қоралагани ва бундай ҳодисаларнинг такрорланишининг олдини олиш мақсадида хавфсизлик чораларини кучайтиришни буюргани ҳақида хабар берилганди.
Live
БарчасиХовос туманида ҳоким алмашди
09 Декабрь