Тошкент ва Наманганда наркокурьерлар қўлга олинди
Жамият
−
20 Ноябрь 2561 2 дақиқа
Тошкент шаҳри ва Наманган вилоятида 30 килограмга яқин гиёҳванд модда олишга уринган наркокурьерлар қўлга олинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, ИИВ ва ДХХнинг ҳамкорликдаги тезкор тадбирлари натижасида 30 килога яқин тақиқланган моддалар мусодара қилинган.
Тошкентда яширин жойдан 19 кг 80 грамм гиёҳвандлик воситасини олишга уринган 1978 ва 1973 йилда туғилган 2 эркак қўлга олинган. Тергов маълумотларига кўра, яширин жойларнинг координаталари уюшган гуруҳ аъзоларига уларнинг танишлари томонидан берилган. Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб, қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, худди шунингдек уларни ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
13 ноябрь куни Наманган вилояти Учқўрғон туманида курьерлик вазифасини бажарган 1995 ва 1993 йилда туғилган икки эркак қўлга олинди. Улар махфий жойдан 10 кг гашиш олишга ҳаракат қилган. Терговнинг аниқлашича, ижрочилар жиноий гуруҳ раҳбарларининг кўрсатмаси бўйича ҳаракат қилган, уларга хатчўп қўйиш жойларининг геолокацияси олдиндан берилган. Ташкилотчилардан бири – 2001 йилда туғилган Ўзбекистон фуқароси қўлга олинган, иккинчиси Қирғизистонда ҳибсга олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Айбланувчилар 10 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тожикистондан 16 кг гиёҳванд модда олиб кирган шахс қамалганди.
Live
Барчаси