Тошкент вилояти боғчаларидаги оммавий заҳарланиш бўйича суд бошланди
3-саҳифа
−
17:17 1030 2 дақиқа
Бугун, 13 март куни Жиноят ишлари бўйича Бўка туман судида 2025 йил сентябрь ойида Бекобод, Бўка, Оққўрғон, Пискент ва Қуйи Чирчиқ туманларида мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчиларининг заҳарланиш ҳолатларига оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни бошланди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов маълум қилди.
Қайд этилишича, 11 нафар судланувчи Жиноят кодексининг 186-моддаси (хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш) 4-қисми “б” банди ва 257-1-моддаси (санитарияга оид қонунчиликни ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.
Судланувчиларнинг 10 нафарига “қамоққа олиш” ва 1 тасига “уй қамоғи” тарзидаги эҳтиёт чоралари қўлланилган. Қўшимча маълумот суд жараёни якуни бўйича берилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ мазкур иш доирасида 10 киши қамоққа олингани, 1 киши уй қамоғига юборилгани ҳақида хабар берилган эди.
Ўзи нима бўлган эди?
2025 йилнинг 25 сентябрь куни Тошкент вилоятининг Пискент, Бўка, Оққўрғон ва Қуйи Чирчиқ туманларидаги мактабгача таълим ташкилотларида тарбияланаётган болалар овқатдан оммавий заҳарлангани маълум бўлди.
Ушбу ҳолат ортидан Тошкент вилояти ИИББ ҳузуридаги тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 257-1-моддаси (санитарияга оид қонунчиликни ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари бошланди.
Дастлабки тахминларга кўра, болалар соғлиғидаги ўзгаришларга сифатсиз сут маҳсулотлари сабаб бўлган бўлиши мумкин. Мактабгача таълим ташкилотларига шу куни олиб борилган 3,2 фоизли кефир маҳсулоти Оққўрғон туманидаги цехларнинг бирида ишлаб чиқарилгани аниқланган.
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Нурмат Отабековга кўра, жами 1922 нафар, шу жумладан, бемор болалар билан мулоқотда бўлган бошқа болалар ҳам тиббий кўрик билан қамраб олинган, улардан 959 нафарида ҳеч қандай клиник белгилар бўлмагани учун дарҳол уйларига жавоб бериб юборилган. Қолаверса, 269 болага даволанишдан сўнг уйига жавоб берилган. Кейинроқ эса яна 694 бола даволанган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Навоий вилояти Нурота туманидаги айрим мактабгача таълим муассасаларида гўшт маҳсулотларининг 4/1 қисми яроқсиз ҳолатда экани аниқланганди.