Тошкент вилоятида озиқ-овқат орасига 100 мингга яқин дори яширганлар ушланди
3-саҳифа
−
22 Май 2483 1 дақиқа
Қозоғистондан Тошкент вилоятига кириб келган юк машинасидаги озиқ-овқат орасидан катта миқдордаги дори воситалари ҳам топилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, ДХХ Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари ҳамда Божхона органлари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда хориждан Ўзбекистонга ноқонуний олиб келинаётган катта миқдордаги дори воситалари тўхтатиб қолинган.
Хусусан, Қозоғистон Республикасидан Тошкент вилояти Қибрай туманидаги “С.Нажимов” чегара божхона постига кириб келган Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида яшовчи фуқаро бошқарувидаги юк автотранспорт воситаси божхона назоратидан ўтказилганда, озиқ-овқат маҳсулотлари орасига 52 турдаги, жами 95369 дона тиббиёт буюмлари ва дори воситалари яширилгани маълум бўлган.
Шундан сўнг, тезкор тадбир давом эттирилиб, ноқонуний юкларни қабул қилиб олган вақтида Тошкент туманида яшовчи шахс ҳам ашёвий далиллар билан ушланган.
Тегишли баҳолаш ҳисоботига кўра, ушбу тиббий воситаларнинг умумий қиймати 1 млрд 323 млн сўмни ташкил этади.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилоятида гиёҳвандлик воситаларини сотиш ҳамда истеъмол қилиш учун бангихона ташкил этганлар қўлга олинганди.
Live
Барчаси