Тошкент вилоятида ЙПХ машинаси аварияга учради
3-саҳифа
−
23 Июль 9169 1 дақиқа
Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманида йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматига тегишли патрул автомобили иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Бу ҳақда вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси хабар берди.
Маълум қилинишича, бугун, 23 июл куни соат таҳминан 05:00 ларда туман ҳудудидан ўтган А373 “Тошкент-Ўш” автомобиль йўлининг 39-километрида Gentra ва Cobalt русумли транспорт воситалари иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.
Воқеа содир бўлган жойга Lacetti русумли хизмат автомобилида йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари етиб борган ва ҳодисани расмийлаштириш ишларини олиб борган. Ходимлар ушбу жойда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида патруль автомобилини маёқчаларини ёққан ҳолда машинани қатнов қисмининг ўнг бўлагига жойлаштирган.
Шундан сўнг, HOWO русумли юк автомобилининг ҳайдовчиси “Тошкент-Олмалиқ" йўналишида бошқариб келиб, тажрибасизлиги ҳамда эътиборсизлиги оқибатида Lacetti русумли патруль автомобилининг ён қисмига бориб урилган.
Билдирилишича, ушбу ҳолатда ҳаракат иштирокчиларини соғлиғига зиён етмаган. Иккала йўл-транспорт ҳодисалари юзасидан тегишли идоралар томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сирдарёда фуқаро турмуш ўртоғининг машинасини йўл четидаги бетон тўсиққа уриши оқибатида автомашина мажақланиб, ёниб кетгани ҳақида хабар берилганди.