Йўлларда хавф туғдириши айтилган темир панжаралар нега яна ўрнатилмоқда?

Олам

image

Бугун, 12 март куни Тошкент шаҳар ҳокимлигида “Тошкент йўллари учун “Рақамли мия”: пойтахтда транспорт бошқарувининг янги босқичи” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди. Тадбир Тошкент шаҳрида Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази томонидан ташкил этилди.

Анжуманда пойтахт чорраҳаларида “ақлли светофорлар” ўрнатиш, транспорт оқимини реал вақт режимида таҳлил қилиш ҳамда тирбандликларни камайтиришга қаратилган рақамли тизим тақдим этилди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, янги тизим светофорларни автоматик бошқариб, йўл ҳаракати хавфсизлигини яхшилашга хизмат қилади.

Тадбирнинг савол-жавоб қисмида журналистлар пойтахт кўчаларида оммавий тарзда ўрнатилаётган темир панжаралар юзасидан савол билан мурожаат қилди. Тошкент шаҳар ҳокимининг транспорт ва йўл инфратузилмаси масалалари бўйича ўринбосари Абдураҳмон Бахтиевнинг билдиришича, мазкур лойиҳа ҳали тўлиқ ўрганиб чиқилмаган, жараён бўйича таҳлиллар давом этмоқда. Шунингдек, у айрим панжаралар нотўғри ўрнатилган бўлиши мумкинлигини ҳам истисно этмади.

Бироқ темир панжараларни ўрнатиш учун бюджетдан ажратилган миллиардлаб маблағлар қайси асосга кўра йўналтирилгани масаласи очиқ қолмоқда. Ҳокимлик вакиллари бу саволга кейинроқ алоҳида жавоб берилишини билдирди. Шу тариқа, айрим кўчаларга панжаралар ўрнатилиб, маблағлар аллақачон сарфлангани маълум бўлса-да, лойиҳа бўйича якуний хулоса ва унинг самарадорлигига оид баҳо ҳозирча эълон қилинмаган.

Қайд этилишича, 2025 йилда Тошкент шаҳар ҳокими қарори асосида йўллар ўртасига темир панжаралар ўрнатиш учун дастлаб 1,45 млрд сўм, кейинчалик эса 6,9 млрд сўмдан ортиқ маблағ ажратилган. Ушбу чоралар пиёдалар билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаларини камайтириш мақсадида амалга оширилаётгани айтилган.

Маълумот учун, шунга ўхшаш темир панжаралар 2018 йилда йўлларда хавф туғдириши сабаб демонтаж қилинган эди. Орадан етти йил ўтиб, улар яна пойтахт кўчаларига ўрнатилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ эндиликда Ўзбекистонда ҳужжатларсиз машина бошқарганлар камера орқали аниқланиши ҳақида хабар берилганди. Унга кўра, жорий йилнинг 23 февралидан 3 март кунигача автомобиль йўлларида шахснинг юзини аниқлаш функциясига эга камералар ҳамда фото ва видео қайд этиш қурилмалари ўрнатилиб, тест режимида ишлаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент шаҳар ҳокимлиги Рақамли мия ақлли светофорлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг