Тошкентда Damas ҳайдовчиси ўқувчини уриб, қочиб кетди (видео)

3-саҳифа

image

Тошкентда Damas автомобили ҳайдовчиси мактаб ўқувчисини уриб юбориб, воқеа жойидан қочиб кетди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ахборот хизмати бошлиғи Қаҳрамон Худойберганов маълум қилди.

Йўл-транспорт ҳодисаси 20 апрель куни Олмазор туманидаги Келес йўли кўчасида содир бўлган. Кадрда икки бола пиёдалар ўтиш жойи яқинидан йўлни кесиб ўтаётгани, шу пайтда улардан бири автомобиль тагига кириб кетгани кўринади.

Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари томонидан ҳайдовчининг шахси аниқланган. У 19 ёшли йигит экани маълум бўлган. Унинг айтишича, у болаларни пайқагач сигнал чалган, улардан бири тўхтаган, бироқ орқадаги бола чалғиб қолган ва йўлга югуриб чиққан.

У болани уриб юбормасликка ҳаракат қилгани, бироқ буни уддалай олмаганини айтган. Унинг сўзларига кўра, уриб юборгандан сўнг у саросимага тушиб, шок ҳолатида ҳаракатни давом эттирган. Кейинроқ тўхтаб ўзига келган ва қайтишга қарор қилган, бироқ бу вақтда жабрланувчини тез ёрдам машинаси олиб кетган.

Шундан сўнг ҳайдовчи ҳуқуқ-тартибот органларига мурожаат қилиб, воқеа ҳақида хабар берган.

Ҳозирда ушбу бахтсиз ҳодиса бўйича Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 133-моддаси (транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши жабрланувчига енгил тан жароҳати ёки анча миқдорда моддий зарар етказилишига олиб келиши) ва 137-моддаси (йўл-транспорт ҳодисаси юз берган жойдан кетиб қолиш) бўйича баённомалар расмийлаштирилган.

Матбуот хизматининг таъкидлашича, агар пиёданинг жароҳатлари енгил бўлса, иш маъмурий тартибда кўриб чиқилади. Агар жароҳат жиддий бўлса, жиноий иш қўзғатилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бухоро шаҳрида маст ҳолда автомобиль бошқарган ҳайдовчи ЙҲТ содир қилиб, 5 ёшли болани уриб кетганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент ўқувчи Damas

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг